Ижтимоий аҳамиятга эга вилоят миқёсидаги лойиҳалар учун грант эълон қилинди
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларини фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди “Ёшларни маънавий етук қилиб тарбиялаш ҳамда бандлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш” мавзусида тўртинчи давлат грантини ажратиш учун танлов эълон қилади.
Танловга нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг қуйидаги мақсадларни назарда тутувчи ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари қабул қилинади:
- Ёшларда, айниқса уюшмаган, тарбияси оғир бўлган ёшларда ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш, бандлигини таъминлаш, уларни жамиятдаги мослашувига кўмаклашиш;
- Ўсиб келаётган авлодни маънавий етук қилиб тарбиялаш ҳамда бандлигини таъминлаш, спортга кенг жалб қилиш, уларнинг интеллектуал ва маданий ривожланиши учун зарур шарт- шароитлар яратиш.
- Соғлом фарзандларни дунёга келишининг муҳим омили сифатида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга, болаларнинг туғма кассалликлар ва нуқсонлар билан дунёга келишининг олдини олиш ва профилактикасига бағишланган материаллар тайёрлаш, аҳоли ўртасида тарғиб этиш, оила қуриш ёшидаги йигит ва қизларнинг маънавий-руҳий жиҳатдан тайёрлашга, оиланинг муқаддаслиги ва жамиятнинг асосий бўғини эканлигини уларнинг онгига сингдиришга кўмаклашиш;
- Вилоятда туризм соҳасида янги йўналишларни тарғиб қилиш, аҳолини ички туризмга жалб этиш орқали миллий қадриятларни асраб-авайлаш, туризм соҳасида фаолият олиб борувчи мутахассисларнинг тажрибасини оширишда ёшларнинг иштирокини кенгайтиришга кўмаклашиш;
- Нуронийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг бой тажрибаси, фойдали маслаҳатларини ёшларга чинакам тарбия мактаби сифатида сингдириш.
Давлат гранти ажратиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
1. Ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган кузатув хати;
2. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги жамоат фондининг https://t.me/samarqand_jamoat_fondi телеграм каналида жойлаштирилган шаклда тўлдирилган давлат гранти лойиҳаси учун ариза;
3. Охирги ўзгартиш ва қўшимчалар билан давлат рўйхатидан ўтган Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг Устави (Низоми) нусхаси;
4. Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;
5. Агар лойиҳани амалга ошириш лицензияланадиган фаолиятни талаб қилса, унда лицензиянинг нусхаси;
6. Манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотларининг тавсия ҳамда қўллаб-қувватлаш хатлари.
Битта лойиҳа учун ажратиладиган грант миқдори – 60 миллион сўмгача.
Ҳужжатлар 2023 йил 28 сентябрдан 28 октябргача ҳар куни (дам олиш ва байрам кунларидан ташқари) соат 9:00 дан 18:00 гача қабул қилинади.
Маълумот учун телефонлар: (55) 701-35-95, (93) 341-13-31