Ижтимоий муносабатлар аниқланиши, муаммолар ўрганилиши, турли қарашлар инобатга олиниши ҳамда илмий асосланиши керак
Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш биз бунёд этаётган демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони эканлиги замирида катта маъно бор. Бу бежиз эмас. Чунки қонун устувор бўлган давлатда демократик қадриятлар қарор топади ва мустаҳкам бошқарув амал қилади. Қонун устуворлигини таъминлаш эса осон жараён бўлмай, бир қатор муҳим ишлар ва чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади. Бунинг учун энг аввало, ҳар қандай қонун ҳужжати яратилишидан олдин мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари чуқур англаниши, давлат ва жамият тараққиёти ривожланиши йўлида қўйилган вазифалар аниқ идрок қилиниши лозим.
Жамиятда тартибга солинмаган ижтимоий муносабатларнинг аниқланиши, фуқароларнинг муаммолари ўрганилиши, муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлаётган турли қарашлар инобатга олиниши ҳамда илмий асосланиши керак. Давлат органларида қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ жараёнларда очиқликни таъминлаш, лойиҳаларни кенг муҳокама қилиш, уни тегишли ҳуқуқий экспертизалардан ўтказиш муҳим омиллардан бири саналади.
Ҳар қандай қонун ҳужжати фақат Конституцияда белгиланган норма, қоида ва принциплар асосида ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши, идоравий ва ички меъёрий ҳужжатлар қабул қилишни кескин камайтириш, қонун ҳужжатларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини турлича талқин қилишга олиб келадиган ҳаволаки нормалар киришининг олдини олиш, тўғридан-тўғри қўлланадиган қоидалар яратилиши муҳим омиллардан саналади.
Қонун ҳужжатлари лойиҳалари кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши, фуқаролик жамияти институтлари, илмий доира ва мутахассислар кўригидан ўтказилиши, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши лозим. Шунингдек, ҳар қандай давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мақомини янада ойдинлаштириш, уларнинг фақат қонунчиликда белгиланган ваколатлари доирасига кирадиган масалалар бўйича қонун ҳужжатларини қабул қилишга эришиш мақсадга мувофиқ.
Ҳар бир кишида норма ижодкорлиги қобилиятини ривожлантириш, фикрларни эркин баён қилиш муҳитини шакллантириш, ҳар қандай ғоя ва қарашларни ҳурмат қилиш, уни рағбатлантириш, илм-фан натижалари, олимларнинг илмий хулоса ва таклифларидан унумли фойдаланиш, қонун ҳужжатларини яратишнинг институционал тизимини йўлга қўйиш лозим.
Амалдаги қонунчиликни хатловдан ўтказиш, умумлаштириш, кодексларга жамлашга кенг йўл бериш, қонунчилик жараёнини такомиллаштириш, қонун ҳужжатларини ижро қилиш механизмларини янада ривожлантириш, уларни кенг жамоатчиликка ўз вақтида етказишда замонавий ахборот коммуникацияларини жорий қилиш, мансабдор шахсларнинг қонун ҳужжатларини шарҳлаш ва талқин қилиш қобилияти ҳамда кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш ижобий натижа ва самара бериши мумкин.
Шу ўринда яна бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, айни пайтда кўплаб қонун ҳужжатлари, фармон ва қарорлар кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари инобатга олинаяпти. Кўплаб қонуности ҳужжатлар бекор қилинди. Бунинг натижасида жамоатчилик назорати шаклланмоқда.
Бугунги кунда давлатимизда 728 та қонун, Олий Мажлис палаталарининг 423 та қарори, Президентнинг 2538 та фармони, 2699 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 10245 та қарори ва 1895 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжати қабул қилинган. Йил бошидан буён эса Ўзбекистон Республикасида 40 та қонун, Олий Мажлис палаталарининг 43 та қарори, Президентнинг 48 та фармони ва 36 та қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 432 та қарори қабул қилинди.
Қонунчилик жараёнига янги “Тартибга солиш гильотинаси” тушунчаси кириб келди. Унга кўра, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш ва қайта кўриб чиқиш орқали уларни саралаш, тасдиқлаш, ўзгартириш ёки бекор қилинади. Юридик таъсири паст ҳисобланган ҳар қандай тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни максимал даражада соддалаштириш “тартибга солиш гильотинаси”нинг асосий тамойилларидан ҳисобланади. Шунга кўра, қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказиш орқали, уларни бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан уйғунлаштириш мақсадида Адлия вазирлиги таклифи асосида 2,5 мингга яқин эскирган, бюрократик ғов яратаётган қонун ҳужжатлари ўз кучини йўқотади.
2021 йил 1 июнга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини, эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни бекор қилиш бўйича ташаббус кўрсатган ҳолда, тизимлаштириш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига киритиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни базага автоматик тарзда жойлаштириш механизмини жорий этиш ишлари амалга оширилади.
Президентимизнинг жорий йил 24 январда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида кўтарилган “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш” ғояси нафақат давлат бошқарувини тўғри ташкил этишга, балки инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлаш, одамларда келажакка ишонч ҳиссини кучайтириш, демократик қадриятларни кенг жорий этиш, давлат ва жамият бошқарувида ҳар бир кишининг иштирок этишига имкон яратиш, муаммолар ечимини кўрсатиб берадиган қонун ҳужжатларини қабул қилиш, ҳуқуқий давлат пойдеворини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимиз ўз зиммасига олган халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларини виждонан бажариши ва унинг халқаро нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Гулнора ХУДАЙБЕРДИЕВА,
Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали доценти, юридик фанлар номзоди.