“Ижтимоий норма”лар аҳолини тежамкорликка ўргатяптими?
Бугун кўпчиликни жорий йилнинг 1 майидан эътиборан электр энергияси ва табиий газнинг истеъмол нархлари оширилиши, «ижтимоий норма»нинг белгиланиши, шунингдек, бу тартиб аҳолининг электр энергиясидан қай даражада тежамкорлик билан фойдаланаётгани қизиқтирмоқда.
Май ойидан бошлаб, аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ истеъмолининг базавий меъёрлари тасдиқланиб, электр энергиянинг 1 ойлик базавий меъёри 200 киловат/соат, табиий газ учун эса иситиши мавсумида 500 кубометр, бошқа мавсумда эса 100 кубометрни ташкил этиши белгиланган эди.
Мана, орадан бир ойдан кўп вақт ўтди. Хўш, ўтган даврда аҳоли электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келмадими? Улар ижтимоий норма талабларидан кўп маблағ сарфлашмаяптими? Нархнинг ошгани вилоят электр энергияси тизимига қай даражада таъсир кўрсатди?
Ҳозирда вилоятда қарийб 938 мингга яқин электр энергияси истеъмолчиси бўлиб, шундан 888.3 мингтаси аҳоли хонадонларини ташкил этган. 2023 йилнинг май ойида 425.109,6 кВт.соат электр энергияси етказиб берилган бўлса, жорий йилнинг май ойида 417.645 кВтни ташкил этди.
- Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб энергетика соҳасида жумладан, электр энергияси ва табиий газ бўйича нархлар оширилганди, - дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Самарқанд филиали АСКУЭ бўлими бошлиғи Аъзам Асадов. - Демак, нархлар ўзгариб, ижтимоий норма қабул қилингач, аҳоли тежамкорлик билан иш юритиб, ҳам электрни, ҳам пулини иқтисод қилишга эришганлигини кўриш мумкин. Чунки март ойида жами истеъмолчиларнинг 81,1 фоизи, яъни 700 минг аҳоли хонадонида 200 кВт/соатгача фойдаланган бўлса, 161.176 нафар аҳоли 201-1000 кВт.соатгача истеъмол қилган. Май ойида эса 762353 та, яъни 85,8 фоиз маиший истеъмолчи 200 кВт, 124.8 мингги, яъни 14,1 фоизи эса 201-1000 кВт.гача истеъмол қилгани маълум бўлди. Бу дегани май ойида битта хонадоннинг ўртача электр энергия истеъмоли 131 кВт ни ташкил этмоқда.
2024 йил апрель ойида вилоят бўйича истеъмолчиларга 385,3 млн.кВт электр энергияси етказиб берилган бўлса, бу кўрсаткич май ойида 354,4 млн. кВт ташкил этди. Демак, бир ойда қарийб 30 млн. кВт тежаб қолганини кўрсатмоқда.
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Самарқанд филиали мутахассисининг маълумотларига қулоқ тутдик. Бу яхши, тежамкорликка одатланиш фойдали.
Лекин бизнингча, фақат тежамкорлик орқали шу натижага эришдик, деган қарорга келиш учун чуқурроқ ва узоқроқ муддатли кузатувлар керак. Май ойининг 31 куни хулоса қилиш учун етарли эмас. Олдинда хавотир билан кутилаётган июнь, июль ва август турибди. Буни бежиз айтмаяпмиз: масалан, тугаётган май ойида ҳарорат нафақат ўтган йилга, балки охирги ўнйилликларга нисбатан ҳам мўътадил келди. Оддий қилиб айтганда, кондиционер қўшишгаям, печкани ёқишгаям зарурият туғилгани йўқ.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.