Ижтимоий тармоқда фаол бўлган психологларга ишонса бўладими?
Рост, бугунги кунда профессионал психологик ҳамжамиятда мижозлар учун асосий хавф, бу - кўпчилик ҳолларда сифатсиз психологик хизмат кўрсатилишидир. Хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали хусусий консалтинг амалиётини олиб борадиган психологлар томонидан психологик фаолият юритиш учун аниқ меъёр ва талаблар ҳамон белгиланмаган.
Бу эса соҳада муайян муаммоларни юзага келтириб чиқармоқда. Масалан, ҳозирда профессионал ва малакали мутахассислар билан бир қаторда ўзини психолог ёки психотерапевт деб атайдиган қўштирноқ ичидаги мутахассислар кўпайиб бормоқда. Улар психологик хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга эмас, чунки уларнинг таълим даражаси ёки тажрибаси хизматларга мос келмайди. Баъзида ушбу хизматлар кўрсатиш соҳасида ишлайдиган ташкилотларда тегишли рухсатнома ёки эълон қилинган хизматларга мос келадиган мутахассислар фаолият юритмаётгани кузатилади.
Шундан келиб чиқиб, ҳар бир фуқарони бундай «мутахассис»лар ва ташкилотлардан бевосита ҳимоя қилиш долзарб масала бўлиб кун тартибига чиқмоқда.
Бу эса мазкур жараённинг қонуний механизмларини ишлаб чиқиш заруратини юзага келтирмоқда. Сабаби, Ўзбекистонда амалдаги қонунчилик психологнинг хусусий амалиётини тадбиркорлик фаолияти сифатида рўйхатдан ўтказишни талаб қилади, лекин психологик хизматлар кўрсатиш соҳасида хусусий амалиёт билан шуғулланиш учун лицензия ёки бошқа махсус рухсатномалар олишни назарда тутмайди (масалан, тиббий фаолият лицензияланади).
Ушбу ҳолат психологларнинг фаолияти назорат қилиниши, профессионал ҳамжамият томонидан эса улар фаолияти қўллаб-қувватланиши мақсадга мувофиқлигини кўрсатади. Бунда психологлар фаолиятининг касбий стандартларга мувофиқлигини баҳолаш сифатида сертификатлашдан ўтказиш орқали назорат қилиш кўзда тутилади. Уларни қўллаб-қувватлаш эса психологларнинг малака ва касбий мақомни тан олиш, сертификатга эга бўлган мутахассисларнинг ваколатларини ошириш, шунингдек, малака ошириш курсларининг кенг тизимини яратишдан иборатдир.
Бир қатор ривожланган мамлакатларда психологларнинг профессионал жамоаларини ихтиёрий сертификатлаш тизимлари яратилган. Хусусан, АҚШ, Канада ва Буюк Британияда психологларни сертификатлаш тизими йўлга қўйилган. Ушбу мамлакатларда психологик фаолиятни сертификатлаш дастлаб ихтиёрий ташкил этилган бўлса, кейинчалик мажбурий чора сифатида қўлланилган. Шунингдек, 2017 йилда Россия Федерациясида «Психологик хизматлар ва психотерапия соҳасида профессионал мувофиқликни сертификатлаш тизими тўғрисида»ги ҳужжат қабул қилинган. Мазкур ҳужжат билан мамлакатда психологлар фаолияти ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинган.
Ихтиёрий сертификатлаштириш тизими (ИСТ) иккита бир-бирини тўлдирувчи компонентни ўз ичига олади:
биринчидан, сертификатлаштиришнинг ўзи, мутахассиснинг малака даражасини тан олиш тартиби;
иккинчидан, ИСТ дастурларини аккредитация қилиш. Қўшимча таълим дастурлари учун малака ошириш энг юқори талабларга жавоб беради. Ушбу касбий дастурлар бўйича ўқитиш сертификатлари сертификатлаш учун автоматик равишда ҳисобга олинади.
Сертификатлаш тизимини яратиш психологик амалиёти нимадан иборатлигини аниқ тушунишни назарда тутади. Агар бундай тушунча мавжуд бўлса, профессионал амалиёт стандартлари, шу жумладан ахлоқий стандартлар ишлаб чиқилиши мумкин.
Хусусий фаолиятни амалга оширувчи психологлар учун профессионал стандарт яратиш керак. Касбий фаолият стандарти қуйидаги тузилишга эга бўлиши лозим: касбий роллар, функциялар (психолог нима қилиши керак), шунингдек, фаолиятни амалга оширишни таъминлайдиган ваколатлар, билим, кўникма ва қобилиятнинг таснифи.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, соҳада фаолият кўрсатаётган психологлар, олимлар, ўқитувчилар ва талабаларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда, юридик шахс мақомига эга бўлган Ўзбекистон психологлар жамиятини (кейинги ўринларда – Жамият) ташкил этиш ҳамда қуйидагилар жамиятнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгиланиши мақсадга мувофиқдир:
- мамлакатдаги барча психологларни бирлаштириш, ўз аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш;
- амалиётчи психологлар, шунингдек психология соҳасидаги барча ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
- психологик-педагогик ёрдам кўрсатиш ҳамда психологларнинг касб стандартларини ишлаб чиқиш ва шу асосда ўқув режалари, ўқув дастурлари, малака талабларини шакллантириш юзасидан таклифлар киритиш;
- амалий психологик билимларни жамоатчиликка етказиш, жамиятда, айниқса, ёшлар ўртасида психологик билимларни кенг тарғиб этиш, ушбу мақсадларда тегишли тадбирларни ўтказиш;
- психология соҳасини ривожлантиришга қаратилган “Психологик хизмат” электрон платформасини яратиш, конференция, симпозиум, семинар ва давра суҳбатларини ташкил этиш, ўқувчи ва талабалар ўртасида энг яхши илмий ҳамда амалий лойиҳалар танловларини ўтказиш;
- мамлакатда фаолият кўрсатаётган барча амалиётчи психологлар реестрини юритиш, психологик хизмат сифатини таъминлаш;
- психология соҳасида фаолият олиб бораётган хорижий таълим муассасалари, илмий жамият, ташкилотлар ва марказлар билан алоқа ўрнатиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;
- нодавлат психологик маслаҳат марказлари тармоғи ҳамда онлайн психологик хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш.
Шунингдек, аҳолига психологик хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш нуқтаи назаридан қуйидагиларни таклиф қиламиз:
- амалдаги хусусий психологларнинг онлайн (ижтимоий тармоқлар) ва оффлайн (семинарлар, хусусий марказлар ва бошқалар) фаолияти устидан танқидий мониторинг ўтказиш;
- хусусий психологик амалиётни лицензиялаш тартибини жорий этиш;
- хусусий психологик марказлар учун психологик хизмат турларини мажбурий сертификатлашни жорий этиш;
- хусусий психологик марказлар фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини ишлаб чиқиш (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хусусий психологик марказлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳасини тайёрлаш);
- хусусий секторда амалиётчи психологлар учун профессионал стандартни ишлаб чиқиш.
Ғайрат Абдиев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.