Ижтимоий тармоқларда тарқалган 201 та видеоролик бўйича 87 нафар ходимга чора кўрилди

Ички ишлар органлари ходимлари ва фуқаролар ўртасидаги салбий ҳолатлар акс эттирилган 201 та видеоролик ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган.
Кадрлар бош бошқармаси ҳамда Ўз хавфсизлик бўлинмалари билан ҳамкорликда ҳар битта ҳолат бўйича текшириш ўтказиб, 87 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган. Шундан 8 нафари ички ишлар тизимидан бўшатилган. 20 нафари эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Шу ўринда, 201 та видеороликдан 84 та ҳолатда ходимлар айби тасдиқланмаган ва 22 та ҳолат бўйича фуқароларга нисбатан маъмурий жавобгарлик, 9 та ҳолатда жиноий иш қўзғатилган.

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида ИИВ кадрлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Авазбек Инамов маълум қилди.