Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига Президент табриги етказилди

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 майдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, юртимизда уруш қатнашчилари ва уруш орти фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда.  

Вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Эркинжон Турдимов, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Фаррух Зиябоев нуронийлар, ёшлар ва жамоатчилик вакиллари билан биргаликда бугун орамизда умргузаронлик қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хонадонида бўлди.

Инсон учун энг катта бойлик - тинчлик ва танисиҳатлик, - дейди Самарқанд шаҳридаги Хўжа Ғунжойиш маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Фазлиддин Аслиддинов. - Яратганга шукр, бугун юртимизда ана шу икки муҳим жиҳатга катта эътибор қаратилмоқда. Биз, фахрийларга бўлган эътибор ҳам шундан далолат.

Ушбу файзли хонадонда кечган суҳбатда вилоят ҳокими Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийлари давлатимизнинг доимий эътиборида эканини таъкидлаб, уруш қатнашчисига самимий миннатдорлик изҳор этди. Президент табригини ўқиб эшиттирди, пул мукофоти ва совғалар топширилди.

Вилоят ҳокими ва жамоатчилик фаоллари Самарқанд шаҳрида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Михаил Колмогоров ва Сафия Погребовалар хонадонида ҳам бўлиб, улар билан дилдан суҳбатлашди. Э.Турдимов фахрийларга Президентимиз томонидан йўлланган табрикни ўқиб берди.

«Бутун инсоният тақдири хавф остида қолган суронли даврда тинч-осойишта ҳаёт, мусаффо осмон, фарзандларимизнинг ёруғ келажаги учун жасорат ва матонат кўрсатганингиз, тинч меҳнат йилларида элу юртимиз равнақи йўлида фидокорона хизмат қилганингиз барчамиз, айниқса, ёшларимиз учун ибрат мактабидир», дейилади табрикда. 

– Хотира ва қадрлаш куни яқинлашган сайин хонадонимиздан меҳмон аримайди, – дейди М.Колмогоров. – Турли ташкилотлардан вакиллар келиб, ҳол-аҳвол сўраяпти. Бунинг барчаси давлатимизнинг биз, фахрийларга ғамхўрлик ва эътибори самараси. Бугун Президентимизнинг менинг номимга йўллаган табригини олиб, бошим кўкка етди.  

Самарқанд туманида истиқомат қилувчи Аҳад Очилов ҳам Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан табриклаш учун келган меҳмонларни кўриб, қувонди. Аср билан юзлашаётган отахон йиғилганларга уруш хотираларидан гапириб берди.   

- 1942 йилда урушга отландим. Махсус тайёргарликдан сўнг сафдошларим билан танкчилар батальонида Шимолий Кавказда жангга киргандик, - дейди Аҳад бобо. – Уч йил қирғинбарот жангларда иштирок этдим. Ғалабадан сўнг ҳам ҳарбий хизматни давом эттирдим. Германияда 1949 йилгача хизмат қилдим.

Урушдан кейинги фаолиятини таълим-тарбия соҳасида олиб борган Аҳад бобо бугун невараю чевара, эваралар даврасида иззат-икромда эканидан фахрланди. Вилоят раҳбари махсус совға ҳамда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига берилаётган 18  миллион сўм пул мукофотини топширди.  

Туман, шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари ҳамда жамоатчилик фаоллари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг хонадонларида бўлиб, уларга Президент табригини етказди ҳамда эсдалик совғаларини топширди.    

Юксак эътибор ва ҳурматдан кўнгли тоғдек кўтарилган фахрийлар ўз миннатдорчиликларини билдирди, кўрсатилган эътибордан мамнун бўлиб, юртимизга тинчлик, осойишталик тилаб дуо қилди.