Иккинчи жаҳон урушида Кремль фашистлардан қандай ҳимоя қилинган эди?
1941 йил 22 июнь тонгида немис қўшинлари Совет иттифоқига ҳужум бошлади. “Барбаросса” режасига кўра, Германия СССРнинг бутун ғарбий чегараси бўйлаб учта армиялар гуруҳи билан зарба берди. Ҳужум кутилмаганда берилганлиги учун биринчи кунданоқ совет томони ҳарбий техника, ўқ-дорилар ва самолётларни асосий қисмини бой берди.
Мазкур маколамиз бу ҳақда эмас. Хабарингиз бор, уч кундан кейин - 24 июнь куни Москвада немис фашистлари устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги катта тантаналар билан нишонланади. Шу баҳона Иккинчи жаҳон урушида Кремль фашистлардан қандай ҳимоя қилингани ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Маълумки, Қизил Майдонда жойлашган Кремль 9 асрдан бери (1156 йилда князь Юрий Долгорукий буйруғи билан қурилган) Москвага беқиёс кўрк бағишлаб турибди. Албатта, газетхонни Москва Кремлининг Иккинчи жаҳон урушидан қай тарзда омон қолгани қизиқтириши шубҳасиз.
Немис-фашист қўмондонлиги “Марказ” деб номланган армиялар группасига 1941 йилнинг 30 сентябридан 77 дивизия (бир миллионга яқин киши), 1700 та танк, 950 та самолёт, 14 мингга яқин тўп ва миномёт билан ҳужум бошлаган эди. Фашистларга қарши эса собиқ совет қўшинларининг 95 дивизияси (800.000 га яқин киши), 780 танки, 545 та самолёти, 6800 та тўп ва миномёти қарши қўйилган эди, холос.
Тўғри, ҳали Германия билан уруш бошланмасданоқ Кремлни душмандан ҳимоя қилиш чоралари обдон ишлаб чиқилган эди. 1941 йилнинг 26 мартида ўқув машқлари ҳам олиб борилган. 1941 йилнинг 22 июнь куни эрталаб соат 8:30 даёқ Кремль коменданти бинони қаттиқ қўриқлаш ҳақидаги буйруқни имзолаган. Сентябрь ойига келиб эса душманнинг Москвага яқин келиб қолганини ҳисобга олиб, комендант Кремлни портлатиш учун 4 тонна портлатгич, детанатор ва махсус симлар билан таъминлашларини сўраб, бошлиқларига мурожаат қилган...
Унгача эса 26 июнда комендант Николай Спиридонов СССР Халқ комиссарлари совети раиси Лаврентий Бериядан академик-архитектор Борис Иофан гуруҳи Кремль деворларини фанер-тахталар билан тўсиш ва турли турар-жой бинолари кўринишидаги қопламаларни турли рангларга бўяш учун рухсат олганди. 28 июнда фаолиятини бошлаган Б.Иофаннинг гуруҳи ишни Кремль жойлашган кўчанинг икки томонига ҳам фанерлар ўрнатиб, уларга бинолар томини чизиб, шаҳарнинг ёлғондакам “кварталлари”ни барпо этдилар. Кремлнинг қизил деворлари, тоши турли ранглар билан бўяб ташланди. Буюк Иван қўнғироқхонасини душман ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун яшириш жуда қийин кечди. Чунки, ўша пайтларда бу бино Москвадаги энг баланд қурилишлардан бири саналарди. Бинодан тўрт бурчакли тамғаларни олиб ташлашга, минорадаги беш юлдузни фанер тахта билан беркитишга, бинони унча кўзга ташланмайдиган рангга бўяшга тўғри келди.
Ўқувчиларга фашистларнинг самолётлари урушнинг учинчи куниёқ 1941 йилнинг 24 июнь куни Москва шаҳри устидан жосуслик мақсадида учганини (шу куни бирорта ҳам бомба ташламаган эди, орадан бир ой ўтиб, 22 июль куни кечаси Кремль ҳудудида 6 соат мобайнида ҳужум қилганини айтиб ўтиш жоиздир. Ўша куни Москвага немис қирувчилари 1951 та фугас ва 56 минг 620 та ёндирувчи бомбани ёғдиришди. Натижада 6 минг 380 нафар киши жабр кўрди, уларнинг 1327 нафари ҳалок бўлди. 250 килограммлик фугас бомбаларининг бири Катта Кремль саройига келиб тушди. Лекин қандайдир тасодиф туфайли бу бомба портламаган.
1941 йилнинг 12 август куни ярим тунда Москва устида бир моторли кичик самолёт уча бошлади. Шаҳар қўриқчилари самолётни ўзлариники деб билиб ўқ узмадилар. Орадан ярим соат ўтиб, бу самолёт ортидан қуюқ тутун қолдириб Кремль устидан икки марта айланди-да, тезда ғойиб бўлди. Орадан бир пас ўтиб разведкачи самолёт қолдирган тутунни нишонга олиб, бомба ташувчи самолётлар фугас бомбаларни ташлашди: уларнинг бири Арсенал деворининг шарқий қисмини бутунлай ўпириб ташлади. Кичик Арсенал ҳовлисидаги гараж, ётоқҳона, горнизон бўлинмаси ҳам қаттиқ шикастланди. 13 нафар кишининг жасадини харобалар тагидан олиб чиқиш осон кечмади. Шундан сўнг, Сталин кабинети ва бинонинг айрим деразаларини алмаштиришга тўғри келди.
Умуман олганда, 1941 йилнинг 21 июлидан 1942 йилнинг ўрталаригача Москва шаҳрини бомбардимон қилиш учун 95 марта тунги, 30 марта кундузги парвозлар амалга оширилди. Бунда 7 минг 202 та самолёт қатнашган бўлиб, уларнинг 388 тасигагина шаҳарга кириш насиб этган.
1942 йилнинг 29 мартида Кремль ҳудудида охирги бомба портлади. 15 апрелга келиб эса Кремлга ўрнатилган “алдоқчи архитектура” қопламалар (маскировка) олиб ташланди. Кремлни бомбардимон қилишга уриниш 1943 йилнинг августига қадар давом этган бўлса-да, бу ҳудудга бирорта ҳам бомба келиб тушмади.
1941 йилнинг июнидан 1945 йилнинг май ойига қадар Москва Кремли ҳудудида рўй берган воқеа- ҳодисалар ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин ҳали кенг оммага ошкор қилинмаган воқеалар ҳам анчагина. Бизнингча, 1941 йил 7 ноябрда Қизил Майдонда ўтказилган парад атиги 25 дақиқа (соат 9:00 дан 9:25 гача) давом этганини, ҳарбий парадда атиги бир нечта қисм аскарлари қатнашганини, Сталиннинг сўзи фақатгина радио орқали берилганини, бу нутқ Қизил Майдонда эмас, Кремлнинг Свердлов концертлар залида ёзиб олиниб, эфирга узатилганини ҳануз кўпчилик яхши билмаса керак. 1945 йилнинг февралида Лениннинг хоки мавзолейга қайтарилди, 1 майда эса Кремль минорасидаги беш юлдузлар яна порлай бошлади...
Иззатулла Норқувватов тайёрлади.