27 январь – Ленинград блокадаси очилган кун
Ленинград блокадаси очилганига 75 йил тўлди. Иккинчи жаҳон уруши даврида Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) блокадаси фашист қўшинлари томонидан 1941 йил 8 сентябрдан 1944 йил 27 январгача - 872 кун давом этди.
Блокадани ёриб ўтиш ҳаракатлари 1943 йил 18 январда бошланди. Шаҳарнинг ташқи дунё билан алоқа қилиш ва озиқ-овқат, ёқилғи етказиб беришнинг ягона йўли Ладога кўли эди.
Манбаларга кўра, қамалда бўлган Ленинграддаги оммавий очлик, қаҳратон қиш ва урушнинг оғир шароитлари оқибатида 400 мингдан 1 миллион нафаргача одам ҳалок бўлган. Уларнинг 3 фоизи - бомбардимон ва ўққа тутилиш вақтида ҳалок бўлган.
Халқнинг жасорати хотирасига Ленинградга Қаҳрамон-шаҳар унвони берилди.
Уруш йилларида Ўзбекистон юз минглаб инсонлар учун иккинчи уйга айланди. Айниқса, қамалда бўлган Ленинграддан кўплаб қариялар, аёллар ва болалар Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятларга эвакуация қилинди.
Ўша фожиали кунларда халқларнинг фашизмга қарши биргаликдаги кураши ва минг-минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолишида, бирдамлик, ҳамжиҳатлик, инсонпарварлик, меҳр-муҳаббат куч-қувват, мадад берганлигини хотирада сақлаш ва келгуси авлодларга етказиш зарур.
Г.Холдорова тайёрлади.