Имом-хатиблар томонидан 2500 дан зиёд тиббий ниқоблар тарқатилди, 165 000 000 сўмлик хайрия ишлари бажарилди
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг карантин даврида осойишталикни сақлаш ва инсон соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида ўрнатилган тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилишга чақириғи эълон қилинди. Дарҳақиқат, мутахассисларнинг тавсия ва кўрстмаларига амал қилиш ҳолатнинг ижобий томонга ўзгаришига сабаб бўлади. Набий алайҳиссалом ҳам Аллоҳга таваккал қилиб, туясини яйловга қўйиб юборган саҳройи арабга: “Аввал уни боғлаб, кейин Аллоҳга тавваккал қил”, деб буюрганлар. Биз ҳам ўз ўрнида эҳтиёт чораларини қўллаб, сўнг Аллоҳга таваккал қилиб, Ўзидан шифо ва омон сақлашини сўрасак, мақсадга мувофиқ бўлади.
Самарқанд вилояти имом-хатиблари бугунги вазиятда кишиларни ваҳимага тушмаслик, соғлиқни сақлаш муассасалари мутахассисларининг тавсияларига қатъий риоя этиш борасида бир қанча тегишли ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, аҳолининг кам таъминланган оилаларига моддий ёрдам кўрсатиш, тиббиёт ниқоб улашиш, бозор ва автотураргоҳларда такси ҳайдовчилари ва аҳолига кўрсатма ва тавсиялар бериб келмоқда.
Бугун, 24 март куни имом-хатиблар томонидан Самарқанд вилояти бўйича 2500 дан зиёд тиббий ниқоблар тарқатилди. 165 000 000 сўм миқдордаги хайрия ишлари амалга оширилиб, 20 дан зиёд бозор ва 18 та автотураргоҳларда такси ҳайдовчилари, фуқаролар ҳамда 1200 дан зиёд хонадонларда аҳолига тушунтириш ишларини олиб борди. Шунингдек, вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов бошчилигидаги уламолар ҳамда тажрибали имом-хатиблардан 32 нафар диний соҳа вакиллари Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарининг тўлиқ мутолааси (Хатми Бухорий) адо этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 20 март куни вилоятдаги барча 285 та масжид имом-хатиблари ва имом-ноиблари томонидан 123 900 маротабадан “Солатан тунажжино” ва “Солатан нория”, 119714 маротаба “Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил” дуолари ҳамда 1254 маротабадан “Фотиҳа” ва “Ихлос” суралари ва 59 та хатми Қуръонлар ўқилган. Вилоят вакиллиги томонидан 120 килограмм вазнли бир бош қорамол, вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман масжидлари ҳисобидан туман ва шаҳар бош имом-хатиблари бошчилигида ўртача вазни 40-45 килограмни ташкил этадиган 27 та қўй сўйилган. Ушбу жонлиқларнинг гўшти ҳамда 150.000.000 сўмдан зиёд миқдордаги озиқ-овқат (ун, шакар, ёғ, нон, макарон, совун ва бошқа) маҳсулотлар кам таъминланган, ёрдамга муҳтож 450 та хонадонга ҳадя қилинганди.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги ахборот хизмати.