Университет мутасаддилари Самарқанд шаҳри маҳаллаларида яшовчи муҳтожларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берди
“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида СамДУ жамоаси ҳам фаол иштирок этмоқда. Университет томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар эвазига йиғилган маблағлар ҳисобидан Самарқанд шаҳридаги йигирмадан зиёд маҳаллаларда истиқомат қилувчи ўнлаб кам таъминланган, бетоб бўлиб ётиб қолган, қаровчисини йўқотган оилаларга зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Жумладан, шаҳардаги Мақсуд Шайхзода, Зиёкорлар, Орзу, Нурли йўл, Барака, Олтин Аср, Темирйўлчи, Тутзор, Форобий, Раҳматобод, Али Қушчи, Адолат, Беруний, Мевазор сингари маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида яшовчи фуқаролар, моддий ёрдамга муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди. Албатта, бу ишлар бугунги кун талабига қатъий риоя қилинган ҳолда, санитария-гигиена талаблари даражасида амалга оширилмоқда.
– Бу савобли ишнинг бошида турганлар сира кам бўлмасин, – дейди Бекобод кўчасида истиқомат қилувчи Мафтуна Сайфуллаева. – Шу улуғ Рамазон кунларда кам таъминланган оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаётган ташаббускорларга миннатдорлик билдираман.
Шунингдек, университет ётоқхонасида истиқомат қилаётган хорижлик талаба-ёшлар ва профессор-ўқитувчиларга ҳам ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди.
Дилмурод ДЎСТМУРОДОВ.