Имзо ортидаги тақдир: Самарқандда адолат қандай тикланди?

Қоғоздаги биргина буйруқ баъзан инсон ҳаётини иккига бўлиб юборади: “ишдан олдин” ва “ишдан кейин”. Самарқандда кўрилган ушбу меҳнат низоси ҳам ана шундай синовлардан бири бўлди.

Тортишув марказида лавозим эмас - меҳнат, шаън ва ор-номус турарди. Даъвогар Шербек Олимов (исм-фамилия ўзгартирилган), жавобгар эса - Самарқанд вилоят солиқ бошқармаси.

2024 йил 17 январдаги буйруқ билан Ш.Олимов туман солиқ инспекцияси камерал текширувлар шўбаси давлат солиқ бош инспектори лавозимидан бўшатилди. Ҳужжатда “меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузиш” деган жумла бор эди. Қонун моддалари келтирилган, расмий иборалар жой-жойига қўйилган. Ҳаммаси тўғридек.

Аммо расмийлик ҳар доим ҳам адолат эмас.

Шербек Олимов ўзини айбдор деб билмади. Унингча, интизомий жазо қўллашда ҳам, буйруқ чиқаришда ҳам қонун талаблари бузилган. Шу боис у судга мурожаат қилди.

Биринчи инстанция даъвони “муддат ўтган” деган важ билан рад этди.

Гўё эшик ёпилгандек эди. Аммо у адолат излашдан тўхтамади.

Кассация инстанцияси ишни синчиклаб ўрганди. Буйруқ нусхаси ҳақиқатан ҳам ходимга топширилганми? Тилхатнинг асли қаерда? Нега ҳужжат бошқа манзилга юборилган? Нима учун хизмат текшируви якунланганидан кейин қонун белгилаган бир ойлик муддат ўтиб кетган бўлса-да, буйруқ кечиктириб чиқарилган?

Саволлар кўп эди. Жавоблар эса иш берувчи фойдасига эмасди.

Маълум бўлдики, буйруқ нусхаси топширилганини тасдиқловчи ишончли далил мавжуд эмас. Юборилган манзил нотўғри. Энг муҳими, интизомий жазо белгиланган муддатда қўлланмаган. Буйруқда қонун талаб қилган аниқ асослар ҳам тўлиқ кўрсатилмаган.

Бир қарашда “техник хато”дек туюлган ҳолатлар аслида қонуннинг қўпол бузилиши эди.

Кассация ажрими билан биринчи инстанция қарори бекор қилинди. Буйруқнинг Олимовга оид қисми ғайриқонуний деб топилди. У аввалги лавозимига тикланди. Мажбурий прогул вақти учун 93.704.874 сўм иш ҳақи ундириш белгиланди.

Бу фақат бир инсоннинг ишга қайтиши эмас. Бу - қонун устуворлигининг амалий ифодаси. Давлат органи ҳам, хусусий ташкилот ҳам қонундан устун эмас. Интизомий жазо фақат белгиланган муддат ва тартибга риоя этилгандагина қонуний кучга эга бўлади.

Шербек Олимов учун бу қарор - меҳнатининг қадри тикланган кун. Жамият учун эса - ҳуқуқлар қоғозда эмас, амалда ҳимоя қилинишига яна бир ишонч. Чунки адолат - оддий сўз эмас, у инсон тақдирини ўз изига қайтарадиган кучдир.

Феруз КАРИМОВ,

Самарқанд вилоят судининг судьяси