Ингичкада оилавий тадбиркорлик билан шуғулланувчилар кўп
Ингичка қўрғони Каттақўрғон шаҳрининг энг чекка ҳудуди. Бугун ҳудуддаги Ислом шоир номли маҳаллада оилавий тадбиркорлик йўлга қўйилиб, аҳоли, айниқса хотин-қизлар бандлиги таъминланяпти.
- Мутахассислигим тикувчилик, - дейди Санобар Турсунова. – Бироқ тикув машинкаси олиб, иш бошлашим учун маблағим йўқ эди. Ҳоким ёрдамчиси кўмагида “Микрокредитбанк”дан 10 миллион сўм кредит олиб, бу маблағга 3 та тикув машинкаси харид қилдим. Ҳозирда тикувхонамизда 3 нафар хотин-қиз ишлаяпти, келажакда фаолиятимизни кенгайтириш ниятидаман.
- Маҳаллада эҳтиёжманд фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун микрокредитлар олишда кўмаклашяпмиз, - дейди ҳоким ёрдамчиси Муроджон Яҳёев. – Иш бошлаётган ташаббускор ёшлар тикув машинкаси олиб, ҳам ўзи даромад қиляпти, ҳам уч-тўрт нафар маҳалла ёшларининг бандлигини таъминлаяпти.
Ушбу маҳаллада яшовчи Наргиза Амирова "Ёшлар дафтари"да эди. Маҳалла хотин-қизлар фаоли Раҳима Тожиеванинг тавсияси ва кўмаги билан банкдан 13 миллион сўм кредит олиб, касаначилик асосида тикувчилик фаолиятини бошлаган. Ушбу тикувхонада маҳаллада яшовчи 3 нафар хотин-қиз иш билан банд, шунингдек, бу ерда "Устоз-шогирд" анъанаси асосида маҳалла ёшлари ҳунар ўрганяпти.