Инклюзив таълим – болалар тенгдошларини яхши қабул қилишди
2020 йилда алоҳида таълимга муҳтож болалар тўла лаёқатга эга тенгдошлари билан бир сафда ўқитилиш бўйича тажриба-синов ишлари бошланган эди. Шу тариқа мактаб ҳаётига инклюзив таълим деган атама кириб келди.
Натижада мактаб парталарида имконияти чекланган болалар ўз тенгдошлари билан бирга таълим ола бошлади. Ўтган 4 йил ичида минг машаққатлар билан бундай болаларга дарс бераётган ўқитувчилар бора-бора бу самимий ва беғубор болакайларни ҳамма ўқувчиларидан кўпроқ яхши кўриб қолдилар.
Тўғри, улар билан ишлаш осон эмас, баъзан ҳатто ота-оналари тилини тополмай қийналадиган бу қоракўзларнинг меҳрини қозонган устозларимизга қанча таҳсин айтсак оз. Ана шундай фидойи устозларимиздан бири Самарқанд шаҳридаги 81-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Муҳайё Деҳқоновадир. Мана, 4 йилдирки, бу жонкуяр устоз таълим рус тилида олиб бориладиган бошланғич синфга раҳбарлик қилади. Ушбу синфда таҳсил олаётган уч нафар ана шундай меҳр ва эътиборталаб болаларга ҳам дарс бериб келади. Устоздан намуна олган синфнинг қолган 37 нафар ўқувчиси ҳам ўз тенгдошларининг орқада қолиб кетмасликлари учун ҳаракат қиладилар.
Қилинаётган меҳнат ва саъй-ҳаракатлар, албатта, бесамар кетмади. Ўқувчиларнинг руҳияти, ақлий ва жисмоний ўсишида ижобий натижалар кузатила бошлади. Тажрибали ўқитувчи Муҳайё Деҳқонованинг айни йўналишдаги тажрибалари республика миқёсида оммалаштирилди. Соҳада кўрсатган фидокорона меҳнати учун жорий йилда “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Эътироф ва эътибордан руҳланган устоз яқинда янги бир лойиҳага қўл урди. Ўз синфидаги ўқувчиларидан иборат театр труппаси тузди. Ушбу театр жамоаси мактаб ўқувчилари учун турли саҳна намойишлари, мусиқий кечалар ва эртаклар саҳналаштира бошлади. Театр аъзолари таркибида алоҳида эътиборга муҳтож болажонлар ҳам иштирок этмоқда. Яқинда ушбу жажжи актёрлар жамоаси ўзбек халқ эртаги “Зумрад ва Қиммат”нинг рус тилидаги талқинини саҳнага қўйди. Мактаб ўқувчилари ва маҳалла аҳли спектаклни катта олқиш ва кўзларида ёш билан қарши олди. Айниқса, ўқувчилар талқинидаги Зумрад, Қиммат, сеҳргар, ўгай она ва қушчалар образлари катта олқиш билан кутиб олинди.
Дарҳақиқат, хайрли ислоҳотлар ўзининг шу тариқа ижобий натижасини бермоқда. Энг муҳими, тажрибаларнинг фарзандларимиз келажаги учун фойдали бўлган жиҳатларини олиб, ҳаётга татбиқ қила билишда.
Феруза ТОҒАЕВА,
Самарқанд шаҳридаги 81-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.