Инсофи борнинг баракаси бор: Суякка ҳам, чарвига ҳам харидор топилади

Одатда, гўштни таниш дўконлардан ёки ишончимизни қозонган қассоблардан харид қилишга ҳаракат қиламиз. Улар бизнинг хоҳиш истакларимизни ҳисобга олишади. Баъзилар мол гўштини умуман истеъмол қилмайди, фақат қўй гўшти олади, баъзилар ёғсиз гўштни хоҳлайди, кимлардир “биқин”га харидор, кимгадир  “қовурға” керак ва ҳоказо. Улар биз ҳоҳлагандай маҳсулотни қўлимизга    тутқазишади. Шу боис ҳам, биз уларнинг мижозларимиз. 

 “Бир  гал   кечки маҳал, ишдан кетишда йўл-йўлакай Самарқанд шаҳар марказидаги “Мармар” бозоридан шўрва учун гўшт харид қилдим.

- Шўрвалик бўлсин, ёғсизроқ - деб айтдим. - Болаларим  қўй гўшти емайди, ёғли гўштнику, умуман...

Гўшт   растасидаги  қассоб  йигит  пластик  картамдан  44.000  (қирқ тўрт минг) сўм ечиб олди, “бироз кўпроқ бўлди-да, опа” деганда ҳам рози бўлиб қўяқолдим.  Уйга келиб қарасам, бир кило гўшт эмас, бир кило суяк олган эканман”.   Ҳамкасбимнинг ҳам кулиб, ҳам аччиқланиб айтиб берган ҳикоясида жон бор. Бу каби воқеалар ҳар биримизнинг бошимиздан ўтган, аслида. 

Давлат стандартлари бўйича, 1 кг гўштга 100 гр миқдорда суяк қўшилиши мумкин. Айни  кунда Самарқанд шаҳрида сифатли гўшт нархи 38-40 минг сўм   атрофида, туманларда эса, 36 минг сўмдан бошланади. Нархлар борасида бир нарса дейиш  қийиндир-ку, (кўпга келган тўй) аммо шунча пулга маҳсулот харид қилгач, одам гўшт егандек бўлиши керакми?

Республика Бош Прокуратураси ишонч телефонига Самарқанд шаҳрининг  Гўрўғли кўчасида истиқомат қилувчи Мақсад Жўрабоева мурожаат қилган. Мурожаатда юқоридаги муаммо, яъни сотиб олинган гўштда лаҳмдан кўра, суяк  меъёрдан ортиқ экани истеъмолчининг эътирозига сабаб бўляпти. Маҳсулот  истеъмол қилинганлиги туфайли, буни исботлашнинг имкони бўлмади, албатта. Аммо бундан келиб чиқадики, ҳар кимнинг инсофини ўзига берсин! Суякка ҳам,  чарвига ҳам харидор топилади. “Инсоф сари барака” дейишади-ку...

Гулчеҳра Бердиёрова.