Инсон 8 кун ухламаса нима бўлади?
1959 йилда машҳур америкалик радио бошловчи Питер Трипп 8 кун ухламасликка ваъда бериб, ўз устида тажриба ўтказишга қарор қилди.
Шифокорлар Питерни қайтармоқчи бўлди, аммо 32 ёшли бошловчининг фикри қатъий эди. У ўзини Нью-Йоркнинг марказида жойлашган шишадан қилинган будкага ёпиб қўйди, шунда ҳамма Питернинг уйғоқлигини кўриши мумкин эди.
Питер шу будкадан радиоэфирларини олиб борарди ва радиотингловчиларга танасида нима содир бўлаётгани тўғрисида ифодалаб борарди.
Аввалига Трипп ўзини уйқусиз яхши қилар эди. Эксперимент бошида у тетик ва қувноқ бўлиб, кўнгилочар дастурларни олиб борди. Уч кундан сўнг шифокорлар Питер билан олдиндан келишувга кўра, у ухлаб қолмаслиги учун дори бера бошлашди.
Уйқусизликнинг оқибатлари тўртинчи куни пайдо бўла бошлади. Питерда биринчи галлюцинациялар рўй бериб, кейинчалик аҳволи ёмонлашди, бу галлюцинациялар соат сайин кучая бошлади.
Питер оёқ кийимида эмаклаб юрган ўргимчакларни “пайқаб қолганлиги тўғрисида” жонли эфирда бақира бошлади. Унинг атрофида сичқонлар ҳам сакраб юрарди.
Шундан сўнг Питер кун сайин уни кузатиб турган шифокорлар ўзига қарши фитна уюштирганига амин бўлиб, тобора тажовузкор бўлиб қолди. Унинг фикрича, улар атайлаб унинг кабинасига ҳашаротлар, ўргимчаклар ва бошқа ёқимсиз ҳар хил майда жониворларни ташлай бошлаганди.
Шифокорлар унга бериладиган сувга нимадир аралаштирганига ҳам амин эди. Сўнг врачлар уни дафн қилмоқчи бўлганликларини сезиб қўйганлигини айтди. Шифокорлар соғлиғини текшириш учун унинг олдига кирганда, Питер уларга ташлана бошлади.
Галлюцинациялар янада жонли ва ҳиссий бўлиб, ҳамкасби кийган костюм мўйнали қуртлардан тўқилган каби туюлди, шкафда эса олов ёниб турарди. Эксперимент охирида Питер хаёлотни ҳақиқатдан фарқлай олмасди. Аслида эса у ақлдан озганди.
Шифокорлар Питернинг танаси уйғоқ бўлиб, мияси одатдаги туш кўриш дастурида ишлашда давом этаётгани ва Питер “бедор туш” ҳолатида бўлганлигини тасдиқлашди.
201-соатда Питер ухламаслик бўйича дунё рекордини ўрнатди. Уни носилкада олиб чиқишди ва 22 соатлик уйқудан сўнг у ўз иш жойига қайтди.
Вақт ўтиши билан ушбу тажриба оқибатсиз қолмаганлиги аниқ бўлди. Питер жуда ўзгарди. Унда паранойя ривожлана бошланиб, мунтазам бир онли ғазаб ҳолатлари рўй бериб турарди.
Тез орада у ишини йўқотди, хотинидан ажрашди ва деярли ҳеч қачон жамоат олдида кўринмади. Ўз фаолиятини радио журналист эмас, балки ёзувчи ва публицист сифатида давом эттирди.
Трипп 73 ёшида ёлғизликда қон томирлари касаллигидан вафот этди.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.