Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд анжумани ўтказилади

Шу йилнинг 11 июнида онлайн-режимда Парламентлараро иттифоқ ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. 

Унинг ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, бундан аввал 2019-2023 йилларга ПАИ Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари этиб тайинланган Акмал Саидов иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, ПАИ энг кекса халқаро ташкилотлардан бири бўлиб, парламентлараро мулоқотнинг энг йирик майдончаси ҳисобланади. 1889 йилда ташкил қилинган ушбу тузилма ҳозирги кунда 179 та мамлакатни, шунингдек минтақавий парламент бирлашмаларидан 13 та аъзони қамраб олади.

ПАИ нинг Ижроия қўмитаси 18 та аъзодан иборат бўлиб, улар Ташкилот доирасида барча 6 та геосиёсий гуруҳларни бирлаштиради ва унинг маъмурий органи вазифасини бажаради. 

Ижро қўмитасининг видеоконференция шаклида ўтган ушбу йиғилишининг кун тартиби ўз ичига қуйидаги бандларни қамраб олган: 

- ПАИ раиси ва бош котибининг фаолияти якунлари тўғрисидаги ҳисоботларини тинглаш;

- Парламентлараро иттифоқнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Стратегиясини имплементпация қилиш жараёни; 

- БМТ институтлари билан ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари; 

- молиявий масалалар ва ПАИ фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш чоралари.

Шунингдек, коронавирус инфекцияси нуқтаи назаридан вужудга келган вазиятни ҳисобга олган ҳолда ПАИ линияси бўйича режалаштирилган парламентлараро ҳамкорликнинг халқаро тадбирлари муҳокама қилинди.

Кун тартиби бандлари бўйича А.Саидов сўзга чиқди ва у иштирокчилар эътиборини қонунчилик органларини пандемияни тизгинлаш бўйича хатти-ҳараккатларга амалий жалб қилишнинг аҳамиятига қаратди.

Мисол тариқасида Олий Мажлис фаолиятининг тажрибаси келтирилди, зеро у мамлакатнинг ички сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид муҳим устувор масалаларни ҳал қилиш баробарида халқаро ҳамкорлар билан ўзаро алоқаларни қўллаб-қувватлади ва фаол ривожлантирди. Хусусан, Ўзбекистонда коронавируснинг тарқалишига ва унинг салбий оқибатларига қарши кураш чоралари иштирокчилар томонидан ижобий баҳоланди.

Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари А.Саидов томонидан ПАИ доирасида ошкораликни кучайтириш бўйича ишларни давом эттириш зарурлиги шунингдек бошқа халқаро ташкилотлар томонидан ушбу йўналишда тўпланган амалий тажрибадан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Айни пайтда, жорий йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд анжумани ҳақидаги хабар етказилди. Ушбу анжуманнинг асосий мавзусини ёшларнинг ҳуқуқларини, уларнинг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги ўрнини таъминлаш ва ҳимоялаш ташкил этади.