Инсонпарварлик ёрдами юкланган поезд Сурхондарё вилоятидан Душанбе шаҳрига жўнаб кетди
- 09.04.2020 11:22
- 249
- Ўзбекистон
Президентимизнинг топшириғига мувофиқ, коронавирус тарқалишининг олдини олишга кўмаклашиш учун Тожикистон Республикасига инсонпарварлик ёрдами жўнатилди.
Давлатимиз раҳбари номидан ён қўшни ва азалий биродар тожик халқига юборилган дўстона ёрдам ҳам кўз илғамас офатни бартараф этиш учун биринчи навбатда эҳтиёж сезиладиган тиббий буюм ва воситалар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларидан таркиб топган.
Яқин дўст тожик халқига юборилган инсонпарварлик юкида эпидемияга қарши курашда зарур бўладиган ҳимоя комбинезонлари ва кўзойнаклари, суюқ натрий гипохлориди, респираторлар, қўлқоп ҳамда пирометрлар, шунингдек, ун маҳсулотлари бор.
Ер шарида жиддий ташвиш ва хавотир уйғотаётган пандемия дунё бўйлаб авж олганидан буён Ўзбекистон инфекция тарқалишининг олдини олишга кўмаклашиш учун Хитой, Эрон, Афғонистон ва Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатди.