Интеллектуал мулк ҳуқуқи бузилганда қайси судга, қай тартибда мурожаат қилиш керак?
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси 53-моддасида ҳар кимнинг илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги кафолатланган.
Шунингдек, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи ва интеллектуал мулкнинг қонун билан муҳофаза қилиниши белгиланган. Давлатнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиш ҳақида ғамхўрлик қилиши ҳам мустаҳкамланган.
Интеллектуал мулк ҳуқуқини конституциявий даражада эътироф этмасдан туриб, самарали иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга эришиш қийин. Конституцияда ушбу ҳуқуқнинг белгиланиши интеллектуал мулкни оддий мулк сифатида тан олиш имконини беради. Шу билан бирга, уни даромад келтирувчи муҳим иқтисодий ресурс сифатида баҳолашга хизмат қилади.
Интеллектуал мулк инсоннинг ижодий ва ақлий фаолияти маҳсули ҳисобланади. У иқтисодиёт ривожининг муҳим таркибий қисмидир. Ривожланган давлатларда интеллектуал мулкка катта эътибор қаратилиши натижасида инвестициявий жозибадорлик ошган. Ялпи ички маҳсулотда интеллектуал мулкнинг улуши ҳам ортиб бормоқда.
Шу боис, интеллектуал мулк соҳасини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Тадбиркорлик ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш учун зарур шароит яратиш лозим. Интеллектуал мулк ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилиниши мамлакатнинг халқаро нуфузини оширади.
Қонунчиликка кўра, ҳар бир шахснинг интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳимоя қилинади. Бу ҳуқуқлар фуқаро, юридик шахс ва чет эл резидентларига бирдек тааллуқли. Ушбу ҳуқуқларни бузганлик учун фуқаролик, маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
Манфаатдор шахс интеллектуал мулк ҳуқуқи бузилганда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. У фуқаролик-ҳуқуқий ҳимоя чораларини қўллашни талаб қилиши мумкин.
Олий суд Пленумининг 2023 йил 23 июндаги қарорида интеллектуал мулкка оид ишларни кўриш бўйича муҳим тушунтиришлар берилган. Унда судлар томонидан қонунчиликни бир хил ва тўғри қўллаш масалалари ёритилган.
Интеллектуал мулкка оид низолар турли ҳуқуқий хусусиятга эга. Шу сабабли, уларнинг қайси судга тааллуқли эканини аниқлаш муҳим аҳамият касб этади.
Мерос билан боғлиқ интеллектуал мулк низолари фуқаролик судлари томонидан кўриб чиқилади. Шунингдек, хизмат вазифаси асосида яратилган асар, ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси ва бошқа объектларга оид низолар ҳам ушбу судларга тааллуқли.
Ихтиро, товар белгиси, фирма номи каби объектларга бўлган ҳуқуқларни бузган юридик шахсларга нисбатан жарима ундириш ҳақидаги даъволар иқтисодий судларда кўрилади.
Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси деганда уларнинг қонунчилик асосида тан олиниши тушунилади. Шунингдек, муаллиф ва ҳуқуқ эгаларига мутлақ ҳуқуқлар берилиши назарда тутилади. Давлат уларни ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий имкониятларни таъминлайди.
Қонунчиликка кўра, индивидуаллаштириш воситаларига оид ҳуқуқлар интеллектуал фаолият натижаларига оид ҳуқуқлардан фарқ қилади. Бу ҳолатда ҳуқуқ эгаларига асосан мулкий ҳуқуқлар тегишли бўлади.
Мулкий ҳуқуқ тўлиқ ўтказилганда, ҳуқуқ бошқа шахсга ўтади. Қисман ўтказилганда эса ҳуқуқнинг бир қисми аввалги эгасида сақланиб қолади.
Товар белгиси эгасининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳақидаги талаби гувоҳнома бекор қилинмагунча амал қилади. Шунинг учун иккинчи тарафнинг рўйхатдан ўтказиш қонуний эмаслиги ҳақидаги важлари талабни рад этиш учун асос бўла олмайди.
Товар белгисига оид гувоҳномани муддатидан олдин бекор қилиш ишларида суд ҳар бир товар ва хизмат бўйича товар белгисидан фойдаланилганлигини текширади.
Амалиётда ҳам бундай низолар учраб туради. Масалан, “Red Flower” компанияси судга мурожаат қилиб, “New Life” МЧЖнинг “Cool” товар белгиси остидаги ичимликларни Ўзбекистон ҳудудида муомалага киритишини тақиқлашни сўраган. Қонунга кўра, товар белгиси товар ва хизматларни бошқалардан фарқлаш учун хизмат қиладиган белги ҳисобланади. У белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим.
Шунингдек, аввал рўйхатдан ўтказилган товар белгиларига ўхшаш белгилар қайта рўйхатдан ўтказилмайди. Қонуннинг 26-моддасига кўра, товар белгиси эгаси ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш бўйича мутлақ ҳуқуққа эга.
Судга тақдим этилган ҳужжатларда “Cool” товар белгиси даъвогар номига рўйхатдан ўтказилгани аниқланган. Мазкур товарлар жавобгар томонидан Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилган. Бироқ ушбу товарларни фуқаролик муомаласига киритиш бўйича мутлақ ҳуқуқ даъвогарга тегишли бўлган. Жавобгарда эса бундай ҳуқуқ рўйхатдан ўтказилмаган. Шу сабабли суд даъвогарнинг талабини қаноатлантирган.
Низом Юсупов,
Андижон вилоят суди раиси ўринбосари, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси.