Интернет қамрови ошди, тезлик-чи?
Яқинда пойтахтдан ўз тизимидаги ишларнинг натижасини билиш мақсадида Самарқандга келган амалдорлардан бири қўлидаги телефонда интернет яхши ишламаётганидан нолиб қолди. «Самарқандда Тошкентдагидай тезлик йўқ, ака», деди шу атрофдаги ходимлардан бири. У ҳайрон бўлганча, пешанасини тириштириб, нари кетди.
Хўш, Самарқандда бу йил интернет тезлиги қанчага ортди? Алоқа сифати, чекка қишлоқларга ҳам интернет етиб бориши учун қандай ишлар амалга оширилди? Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Дилмурод ХЎЖАМБЕРДИЕВ билан суҳбатлашдик.
- Бу йил аҳоли ҳар йилгидан кўпроқ сифатли интернетга эҳтиёж сезди ва тармоққа уланиш истагидагилар ҳам бир неча баравар ортди. Бу масалада вилоятда қандай ишлар амалга оширилди?
- Тўғри, пандемия даврида ахборот-коммуникация технологияларига бўлган талабнинг кескин ошганлиги ҳеч кимга сир эмас. Хоҳ давлат органи, хоҳ тадбиркорлик субъекти ёки оддий халқ вакили бўлсин, барчанинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга эҳтиёжи ошди. Айниқса, интернетга талаб деярли барча аҳоли қатламида вужудга келди. “Онлайн дарс”, “онлайн йиғилиш”, “онлайн савдо”, ҳаттоки “онлайн суд” ва “онлайн учрашув” каби тушунчалар аввалдан мавжуд бўлса-да, амалда деярли фойдаланилмай келинаётган эди, пандемия даврида эса улардан кенг фойдаланилди ва фойдаланилмоқда.
Аҳоли, давлат ва хўжалик бошқаруви органларини симли телекоммуникация тармоғи, сифатли мобил алоқа ва мобил интернет хизматлари ҳамда телерадио хизматлари билан таъминлаш мақсадида тегишли давлат органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти билан ҳамкорликда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
2020 йилнинг ўтган 10 ойи давомида вилоятда ахборот-коммуникация технологияларини, жумладан, рақамли инфратузилмани ривожлантириш доирасида 1124,4 километр оптик толали алоқа кабели тортилди ҳамда вилоят бўйича жами оптик толали алоқа кабеллари узунлиги 4153,4 километрга етди. Монтаж сиғими 37056 та абонент улаш имкониятига эга бўлган 101 та кичик мини станциялар ва 97280 та портли 52 та замонавий телекоммуникация қурилмалари олиб келиниб, вилоят ҳудудларига ўрнатилди.
Ушбу қурилмаларнинг ўрнатилиши натижасида, вилоятимиздаги АТСларнинг умумий монтаж сиғими 142 мингдан ортди, кенг полосали портларнинг умумий монтаж сиғими 280 мингга етказилди ва кенг полосали портларнинг умумий сиғими ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробар ўсишига эришилди.
Ҳозирда кенг полосали телекоммуникация тармоғига уланганлар сони 97 мингдан ошди, жорий йилнинг ўзида 33 минг фойдаланувчи мазкур тармоққа уланди.
- Жорий йил бошида вилоятда умуман алоқа мавжуд бўлмаган қишлоқлар сони 40 дан зиёд эди. Ҳозир-чи? Уларнинг сони ўзгардими?
- Жорий йил бошида вилоят бўйича мобил алоқа қамрови мавжуд бўлмаган аҳоли пунктлари 43 тани ташкил этган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида Uzmobile мобил алоқа компанияси томонидан 15 та, Mobiuz мобил алоқа компанияси томонидан 1 та мобил таянч база станцияси ўрнатилиши натижасида ушбу аҳоли масканларининг 34 таси мобил алоқа ва интернет хизматлари билан таъминланди.
Жумладан, 13 ноябрь куни Ургут туманининг узоқ ва бориш қийин бўлган, бугунги кунда мобил телефон ва интернет хизматларидан фойдаланиш имконияти бўлмаган Қизилтўриқ аҳоли пунктида “Ўзбектелеком” АК Uzmobile филиалининг GSM стандартида ишловчи 2G/3G/4G база станциялари ўрнатилди ҳамда қишлоқда яшовчи аҳолига мобил телефон ва юқори тезликдаги мобил интернет хизматларидан фойдаланишлари учун қулайлик яратилди ва шу вақтнинг ўзида ушбу қишлоқ аҳолисига сим карталар сотуви йўлга қўйилди.
- Демак, айни пайтда вилоятдаги 9 та маҳаллада алоқа йўқ?
- Ҳа, шундай. Эндиликда мобил алоқа қамрови билан таъминланмаган аҳоли пунктларини мобил алоқа ва мобил интернет хизматлари билан таъминлаш бўйича Uzmobile ва Билайн мобил алоқа компаниялари томонидан база станцияларни олиб келиш, ўрнатиш ва монтаж қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
- Бу йил барча, айниқса, таълим соҳаси ходимлари сифатли интернет алоқага муҳтожлик сезди. Бу борада амалга оширилган ишларга ҳам тўхталиб ўтсангиз.
- Ижтимоий соҳа объектларини юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш йўналиши бўйича 2020 йилнинг 10 ойи давомида вилоятда мавжуд 1255 та халқ таълими объектларидан 527 тасига, 654 та мактабгача таълим ташкилотларидан 357 тасига ва 329 та соғлиқни сақлаш объектларидан 187 тасига оптик толали алоқа кабеллари ўтказилди. Мазкур ижтимоий соҳа объектларини юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш учун 1 000 км. дан ортиқ оптик толали алоқа кабеллари ётқизилди.
- Вилоятда мобил алоқа операторлари сифатли интернет алоқасини йўлга қўйишга қандай ҳисса қўшмоқда?
- Мобил алоқа операторлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 125 та база таянч станциялари (53 та 2G, 33 та 3G ва 39 та 4G) ишга туширилди ва 547 та база таянч станциялари (36 та 2G, 86 та 3G ва 425 та 4G) модернизация қилинди. Натижада жами ўрнатилган база станцияларининг сони 2 476 тага етди.
Мазкур база станцияларининг ўрнатилиши натижасида вилоятимиздаги аҳоли пунктларининг 98,9 фоизи мобил алоқа билан, 75 фоизи мобил интернет билан қамраб олинди. Шунингдек, ҳар бир база станцияларининг юкламалари камайиб, хизмат кўрсатиш сифати ортиши таъминланди.
- Қамров кенгайди, интернет тезлиги-чи, ошдими?
- Аҳолига сифатли телекоммуникация хизматларини кўрсатиш, интернет тезлигини ошириш бўйича жорий йилда магистрал телекоммуникация тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти вилоят марказларида 400 Гбит/с га, туманларда эса 40 Гбит/с га етказилди.
Интернет тармоғига уланувчилар асосан оптик толали тармоққа уланаётгани ҳам сифат янгича босқичга кўтарилаётганидан дарак беради. Аммо интернет тезлиги фақатгина шу омилга боғлиқ эмас.
- Ҳудудларда рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил қилингани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ушбу марказларнинг фаолияти нимадан иборат бўлади?
- Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятнинг Тойлоқ, Самарқанд, Ургут, Оқдарё ва Паст Дарғом туманларида рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилиб, вилоятда рақамли технологиялар ўқув марказлари сони 6 тага етди.
Мазкур марказларда ахборот технологиялари ва робототехника йўналишлари бўйича тўгараклар ташкил этилган, шунингдек, марказда ушбу соҳага қизиқишни ошириш учун киберспорт йўналиши мавжуд. Марказларнинг афзаллиги шундаки, бу ерда ёшлар компьютер саводхонлиги бўйича бепул таълим олишлари мумкин.
Бугунги кунда бундай марказларни кўпайтириш мақсадида Самарқанд шаҳар, Жомбой, Пайариқ ва Нуробод туманларида ажратилган биноларда таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда.
Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.