Инвестиция – янги иш ўрни яратади
Йил бошидан буён Самарқанд вилоятида 653,5 миллион доллар (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 177,6 фоиз) миқдорида хорижий инвестиция жалб этилган.
Бунда тармоқ лойиҳаларда 129,3 миллион доллар, ҳудудий дастурдаги 141 та лойиҳада 524,2 миллион доллар ўзлаштирилган. Аҳамиятлиси, ҳудудий дастурдаги 141 та лойиҳадан қиймати 14,2 миллион долларлик 3 та лойиҳа ишга туширилиб, 85 та иш ўрни яратилди.
Жумладан, "CCI Samarkand limited" масъулияти чекланган жамиятининг Жомбой туманидаги "Cоcа-Cоlа" ва бошқа салқин ичимликлар ишлаб чиқариш лойиҳасида 36 миллион, "Hengfeng foods" қўшма корхонасининг Иштихон туманидаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳасида 8 миллион, "Samarkand city story" масъулияти чекланган жамиятининг Самарқанд шаҳридаги "Самарқанд-сити" мажмуасини ташкил этиш лойиҳасида 5,5 миллион доллар ўзлаштирилган.
Ҳудудий дастурдаги инвестицияларнинг 494 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва 30 миллион доллари давлат кафолати остидаги кредитларни ташкил этган.
Хорижий инвестицияларнинг 40 фоизи Хитой, 35 фоизи Туркия, 22 фоизи БАА, қолган 3 фоизи Россия, АҚШ, Озарбайжон, Германия, Буюк Британия, Эрон ва бошқа давлатлар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Маълумотларга кўра, йил охирига қадар қиймати 154,7 миллион долларлик яна 13 та лойиҳа ишга туширилиб, 795 та янги иш ўрни яратилади.
Умуман, инвестиция дастурлари доирасида қиймати 2,1 триллион сўмлик 380 та лойиҳа ишга туширилиб, 3 мингдан ортиқ янги иш ўрни очилади.
Бу 2023 йилнинг 6 ойига нисбатан 2,7 миллиард сўм кўп инвестиция, яратилган иш ўрни 625 та зиёд дегани.
Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги “Evro plaza M” масъулияти чекланган жамиятининг қиймати 58 миллиард сўмлик савдо ва маиший хизмат кўрсатиш лойиҳасида 161 та, Каттақўрғон шаҳридаги ”Zexra Kollection” масъулияти чекланган жамиятининг қиймати 40 миллиард сўмлик рангли металларни қайта ишлаш лойиҳасида 60 та иш ўрни яратилган.