“Ипак ва Ипак йўли: Ханчжоудан Самарқандгача”
Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида Ўзбекистон ва Хитойнинг маданий-тарихий меросига бағишланган шу номдаги кўргазма очилди.
Кўргазмада Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи ва Ханчжоудаги Хитой миллий Ипак музейига тегишли ашёлар ҳамда Танг сулоласининг ипакчилик санъати безаклари намойиш этилмоқда.
- Хитой ва Ўзбекистон дунёнинг қадимий цивилизацияларидандир, - дейди кўргазма очилишида сўз олган Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маданий ишлар бўйича маслаҳатчиси Чи Жунлин. - Сўнгги йилларда икки мамлакат Президентлари ташаббуси билан стратегик шериклик муносабатлари ва “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасида амалий ҳамкорлик давом этмоқда. Шунингдек, Хитой миллий Ипак музейи Самарқанд музейи ҳамда Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси билан яқин ҳамкорлик қилиб келяпти. Айниқса, яқинда Ўзбекистон фуқаролари учун Хитойга 30 кунлик визасиз режим жорий қилиниши ҳамкорлигимиз янада ривожланаётганидан дарак беради.
Уч йил олдин Самарқанд ва Хитойнинг миллий Ипак музейи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, Ипак йўли бўйлаб маданий меросни муҳофаза қилиш, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида кўргазмалар ташкил этиб келинмоқда. Жумладан, ўтган йилда Хитойда “Ранг-баранг Осиё: Осиё либослари кўргазмаси”, Самарқандда эса Цин сулоласи даврига оид ипак намуналари, либослар ва шойи маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.
Хитой миллий Ипак музейи директори Жоу Янгнинг таъкидлашича, Ханчжоу ва Самарқанд Хитой ипак маданиятининг туғилган жойларидан бири ва Ипак йўлидаги муҳим марказдир. Шу жиҳатдан Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида ўтказилаётган навбатдаги кўргазмада Самарқанддаги нодир экспонатлар, Танг сулоласингинг ипакчилик санъати, безак ва нақшлар, Хитой миллий Ипак музейи хазиналаридан ўрин олган коллекциялар экспозицияга чиқарилган.
Кўргазма бир йил давом этади.