Ипотека электрон гаров хати уй-жой таъминотидаги кўплаб оворагарчиликларга барҳам беради

Ипотека кредити жамият тараққиётининг ҳозирги босқичида биз учун долзарблигича қолмоқда. Чунки аҳолининг уй-жой сотиб олишга талаби ўсиб бораётган бир пайтда тижорат банклари уни молиявий ресурслар билан ўз вақтида таъминлаши лозим.

Бугунги кунда тижорат банклари томонидан ипотека кредитлари, асосан, ҳукумат томонидан жойлаштирилган ресурслар ва ўз маблағлари ҳисобидан ажратиляпти. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖ ташкил этилди, унга ипотека бозорини молиявий ресурслар билан таъминлаш, умуман, ипотеканинг замонавий бозорини яратиш вазифаси юклатилди. Бу борада салмоқли ишлар қилинди ҳам. Хусусан, бугунги кунга қадар 18,8 минг нафар фуқаронинг 3,7 триллион сўмлик ипотека кредитлари қайта молиялаштирилди.

Бироқ бу масалада юзага келган ва келаётган жуда кўплаб ҳолатлар қонунчиликдаги нормаларда акс этмаган. Шу сабабли бюрократик тўсиқлар ипотека кредитидан фойдаланишда қоғозбозлик ва бошқа низоларни келтириб чиқаряпти. “Ипотека тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар айнан ана шу камчиликларни бартараф этишга қаратилган.

Ипотека электрон гаров хати ипотека кредити олган шахс ва берган банк, шунингдек, ипотека кредитини гаровга олганлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солади. Гаров хати рўйхатдан ўтказилганда унинг муомала йўллари рақамлаштирилади. Гаров хатини бошқа шахсга берганда ипотека кредити бўйича талаб ҳуқуқи автоматик равишда ушбу шахсга ўтади. Бунда кредит ва ипотека шартномаларига нотариал тартибда ўзгартириш киритиш ҳамда уларни давлат рўйхатидан ўтказиш талаб этилмайди.

Шуни айтиш керакки, электрон гаров хати орқали уй-жойни бошқа шахсга расмийлаштиришда ҳозирда мавжуд бўлган кўплаб муаммоларга йўл қўйилмайди. Чунки унда айнан келгусида мажбуриятни бўйнига оладиган, ўзаро муносабатларда тўловларнинг қонуний амалга оширилишини таъминлайдиган бадал бўлиб, улар нотариал тартибда тасдиқланиб боради ва ортиқча қоғозбозлик талаб этилмайди.

Гаров хатини бошқа шахсга ўтказиш фуқаро учун ипотека кредити шартларини ўзгартирмайди ҳамда унга бошқа қўшимча мажбуриятлар юкламайди. Фақат кредит бўйича тўловларни қабул қилувчи шахс ўзгариши мумкин.

Дарвоқе, кейинчалик банк гаров хатларини таъминот сифатида ишлатиб, бошқа молиявий институтлардан ҳам қарз маблағларини жалб этиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, гаров хатини онлайн тартибда ёки давлат хизматлари марказларига бориб расмийлаштиришда харажат ҳамда вақт тежалади. Ваҳоланки, айни пайтда бундай ҳужжатни расмийлаштириш учун томонларнинг шахсан қатнашиши, кадастр органларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиши талаб этилади.

Демак, ипотека электрон хати бундай жараёнларни соддалаштиришга, аҳолига қулай шароит яратишга қаратилган. Айни чоғда мулк бўйича мавжуд юкламалар ҳақида холис ва аниқ маълумотларга эга бўлиш имконини яратиб, самарали қайта молиялашга тўсқинлик қилувчи ҳолатларга барҳам беради. Бу ҳолат кредит бераётган банкнинг ҳам, кредит олаётган фуқаронинг ҳам ҳуқуқларини кафолатлайди.

Шавкат ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.