Иқтисодий ўсиш ва самарадорлик: Ишлаб чиқариш кўрсаткичларини тубдан яхшилаш мумкинми?

Жорий йилнинг 14 май куни Президент Ш.Мирзиёев иқтисодий фаолиятнинг биринчи чорак якунларига бағишланган видеоселектор ўтказди. Унда қайд этилдики, ҳисобот даврида мамлакатимиз ялпи ички маҳсулот 3,3 фоиз, жумладан, саноатда 3,6 ва қишлоқ хўжалигида 3,1 фоизга ўсган.

Видеоселекторнинг материаллари билан чуқур танишсангиз, шундай хулоса келиб чиқади: гап макроиқтисодий ўсиш суръатларида эмас, балки ушбу фаолиятнинг самарадорлиги тўғрисида бормоқда. Тан олиш керак, шу пайтгача ёндашув умуман бошқача эди.

Мисол учун, 2020 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича Жомбой туманидаги “MAN” автомобиль заводи товар ишлаб чиқариш ҳажмини 40 фоизга пасайтирганда, иқтисодий блок ушбу пасайишни қолган 300 та кичик корхона ҳисобидан ёпиш тўғрисидаги ғояни илгари сурган эди. Бундай мантиқсиз ғоя муаллифлари ушбу корхоналар фаолиятига ҳам пандемия кучли салбий кўрсатганини инобатга олмасдан фикр юритганлари аниқ. Бундай ёндашувдан мақсад қандай бўлмасин, иқтисодий ўсишни таъминлаш эди. Ҳаммага аён, пандемия шароитида хизмат кўрсатиш соҳаси, жумладан, жамоат транспорти, умумий овқатланиш, туризм соҳалари деярли ярим йил давомида фаолият кўрсатгани йўқ. Шунга қарамасдан, статистик органлар 2020 йилнинг якунларига кўра, хизматлар соҳасида 7 фоизлик ўсишни қайд этгани, ажабланарли.

Давлатимиз раҳбари ўз чиқишларида 8 фоизлик сохта ўсиш кўнгилдагидек натижа бермаганини кўп таъкидлашига қарамасдан, ананавий ёндашувдан ҳалигача воз кечмаётган раҳбарлар борлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Аслини олганда, ЯИМ аҳоли жон бошига 1-2 фоизга ўсганда ҳам (сифат ва юқори меҳнат унумдорлиги ҳисобига) катта ижтимоий натижаларга эришаётган мамлакатлар тўғрисида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бунинг учун макроиқтисодий таҳлилни нафақат ЯИМ, балки миллий даромад, истеъмол ва жамғариш фондлари, энергия самарадорлигини белгилайдиган кўрсатгичлар асосида амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Мисол учун, Ўзбекистон ЯИМ бирлигига ишлаб чиқариш таркиби ўхшаш мамлакатлардан энергияни уч баравар кўп сарфлайди. Бундай ҳолатнинг узоқ муддат давом этишининг асосий сабабларидан бири -  шу пайтгача маиший ва ишлаб чиқариш мақсадларида ёритиш ва иситиш меъёрлари алоҳида ишлаб чиқилмаганидадир.

Микроиқтисодиёт даражасида кўриб чиқилса, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти бирламчи ишлаб чиқариш бўғинида товар маҳсулотининг ҳажми дегани. Хўш, корхона фақат ушбу кўрсатгичга эътибор қаратса-ю, самарадорлик кўрсатгичларини иккинчи даражали деб ҳисобласа, натижа нима бўлади? Албатта, самарали менежмент бунга йўл қўймайди. Нега деганда, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдан мақсад фойда олиш ҳисобланади. Маҳсулот сифати яхшиланмаса, унинг таннархни пасайтиришга етарли эътибор қаратмасдан нуқул экстенсив йўл танланса, ҳар қандай корхона касодга учрайди. Фойда – бу инвестицион фаолиятнинг асосий манбаи.

Охирги 4 йил давомида асосий капиталга жалб этилган инвестициялар ҳажми ўртача ҳисобда 30 фоизга ўсиб келмоқда. Аммо миллиард долларлик қўшимчалар иқтисодий ўсишни таъминлаётгани йўқ. Масалан, 2020 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти атиги 1,6 фоизга ўсган. Табиий савол туғилади, нима учун олдинги уч йиллик инвестициялар иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилмади?

Гап шундаки, инвестиция иқтисодий самарадорликни таъминлаш мақсадида эмас, шунчаки, миқдорий кўрсаткичларни ошириш мақсадида амалга оширилади. Жуда катта маблағлар эвазига ишга туширилган инвестицион лойиҳалар самарадорлиги устидан тегишли мониторинг йўлга қўйилмаган, узоқ йиллар давомида иқтисодий назария фани ёрдамида тўпланган тажрибаларга таяниш зарурати мутасадди шахсларнинг хаёлига ҳам келмайди.

Жаҳон иқтисодиёти ўта оғир шароитдалигини, ундаги конъюнктура жиддий даражада салбий томонга ўзгарганини билиб туриб, статистик маълумотларни косметик йўл билан ясантиришдан не фойда?

Иккинчи чоракда ишлаб чиқариш кўрсаткичларини тубдан яхшилаш мумкинми? Ушбу мақсадга эришиш учун инобатга олиниши лозим бўлган энг муҳим омиллар - биринчидан, аҳолининг тўлов қобилияти, иккинчидан, экспорт потенциалидан фойдалана олиш лозим.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи бошқа товарларга нисбатан тез суръатларда ўсаётгани ҳеч кимга сир эмас. 2020 йилда аҳоли ялпи даромадининг 70 фоизи озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишга сарфланаётган эди. Бугунга келиб ушбу номутаносиблик яна ҳам кучайди. Оқибатда енгил автомобиллар, енгил саноат маҳсулотларига нисбатан харид қобилияти пасайди. Гўшт, сут, тухум, картошка нархлари юқори суръатлар билан ўсиб борди, ўртаҳол оилаларнинг пуллик даромадлари фақат овқатланиш ва коммунал тўловлар билан чекланиб қолмоқда. Гап шундаки, қорамолнинг 90 фоизи деҳқон хўжаликлари тасарруфида. Аммо уларни арзон ва сифатли озуқа билан таъминлашга қаратилган чоралар кўзга ташланмаяпти. Картошка етиштиришга кредитлар 20 фоиз ва ундан юқорироқ ставкаларда ажратилади. Четдан импорт қилинаётган ушбу маҳсулотнинг бозор нархлари эса маҳаллий маҳсулотдан анча арзон. Паррандачилик соҳасини ривожлантириш ва соҳа учун озуқа базасини яратиш ўртасида катта узилишлар мавжуд.

Тан олиш керак, пандемия шароитида янги корхоналарнинг бозорга кириши амримаҳол. “Банкротлик тўғрисидаги” Қонун асосида бундай корхоналар фаолиятига барҳам бериш, уларга тегишли ишлаб чиқариш воситаларини самарали фаолият юритаётган корхоналар ихтиёрига ўтказиш мақсадга мувофиқ. Шундай ёндашувда кўзланган натижаларга эришиш эҳтимоли юқорироқ. Хўжалик механизми корхоналарни йириклаштиришга қаратилиши лозим. Шубҳасиз, бундай корхоналарнинг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлиги юқори даражада.

Менежментнинг асосий вазифаларидан бири - бу таҳлил ва назорат. Бизда эса бунга амал қилинмайди. Мисол учун, Нарпай туманида 2020 йил якунлари бўйича рўйхатга олинган 190 та саноат корхонасидан 107 таси ҳисобот топширган, холос. Кўриниб турибдики, маҳаллий ҳокимият органлари йил давомида ўз ҳудудидаги корхоналар фаолиятидан бехабар қолмоқда.

Шундай экан, иқтисодий фаолият самарадорлиги оддий, катта маблағлар талаб этилмайдиган омилларга ҳам боғлиқ. Демак, иқтисодий фаолиятдаги бошқарув самарадорлигини оширишни шулардан бошлаш керак.

Илҳом ВАФОЕВ,

иқтисодчи.