“Иштихон”, “Митан” ва “Нуробод” деҳқон бозорларида қўл ювиш учун мосламалар ўрнатилмаган
Бугун, 15 июль куни Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг видеокоференцалоқа шаклида мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти деҳқон бозорларида ижросини ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.
Сенаторлар, халқ депутатлари Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти Кенгашлари доимий комиссиялари аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлисда бозорлардаги мавжуд ҳолатга эътибор қаратилди. Жумладан, Тошкент шаҳрида 12 та, Самарқанд вилоятида 34 та деҳқон бозори ва уларнинг шохобчалари тасдиқланган санитария қоидалари, нормаларига оид ҳужжатлар, санитария-эпидемиологик осойишталик соҳасида ягона дастур мавжудлиги аниқланган.
Ҳар бир бозор ҳудудида туман (шаҳар) ҳокимлиги, ДСИ, ИИБ, бозор масъул ходимлари, Тошкент шаҳар ҳамда Самарқанд вилояти ДСЭНБ туман филиаллари ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилган бўлиб, улар томонидан кундалик назорат йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, бозорлар ҳудуди Давлат санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Тошкент шаҳар ҳамда Самарқанд вилояти бошқармаси туман (шаҳар) филиаллари томонидан дезинфекция ишлари жадвал асосида олиб борилмоқда.
Мажлисда ушбу ҳудудларда Қонун ижросини таъминлаш борасида қатор камчиликлар аниқланганига эътибор қаратилди. Хусусан, деҳқон бозорларида мазкур Қонун талаблари ҳамда Республика Махсус комиссияси йўриқномалари ва тавсияларига, жумладан, 2 метрлик оралиқ масофани сақлаш қоидасига риоя қилинмаяпти.
Бозор сотувчилари ўртасида доимий ниқоб ва махсус қўлқоплар билан ишлаш, юз ниқобларини белгиланган муддатларда янгилаб туриш каби қоидасига амал қилмаслик ҳолатлари кузатилган. Бозор ходимлари, айниқса, сотувчилардан коронавирусга тест текширувлари олиш амалиёти етарли даражада ташкил этилмаган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги барча бозорлар марказлашган ичимлик суви ва канализация тизимига уланган бўлса-да, “Фарҳод”, “Аския” ва “Олой” деҳқон бозорларида қўл ювиш мосламалари талаб даражасида ўрнатилмаган, айримлари яроқсиз аҳволда.
Самарқанд вилоятидаги “Темирйўл” ва “Табиат саховати” бозорларида қўл ювиш мосламалари бозор ташқарисига ўрнатилган, “Иштихон”, “Митан” ва “Нуробод” деҳқон бозорларида қўл ювиш учун мосламалар ўрнатилмаган.
Шунингдек, нон ва нон маҳсулотлари сотувчиларининг айримлари махсус кийим-бош кийишмаган ва санитария саводхонлиги бўйича махсус ўқув соатларида ўқитилмаган. Мазкур ҳолатни Тошкент шаҳрининг “Фарҳод”, Самарқанд вилоятининг Иштихон, Қўшработ, “Митан” бозорларида кўриш мумкин.
Аксарият деҳқон бозорлар ҳудудидаги чиқинди урналари алмаштиришга муҳтожлиги ва уларнинг савдо расталаридан 25 метрдан кам масофада жойлаштирилганлиги, чиқиндихоналар атрофи ўралмаганлиги, чиқиндилар олиб чиқилгандан сўнг контейнерларни ювиш ва зарарсизлантириш учун шароит яратилмаганлиги аниқланган.
Мажлисда Тошкент шаҳар ва Самарқанд вилояти ҳокимликлари ҳамда тегишли вазирлик ва идораларга коронавирус пандемияси даврида деҳқон бозорлари ҳудудида санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, маҳаллий ҳокимликлар томонидан бозорлар фаолиятини санитария қоидаларига мос равишда ташкил этиш юзасидан тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Кўриб чиқилган масалалар бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати.