Иштихон тумани 4-сектор ҳудудида яшовчи 168 нафар фуқарога 4,5 миллиард сўмдан ортиқ кредит берилган, 405 нафар аҳоли ишга жойлаштирилган
Иштихонда Самарқанд вилоятидаги 16 та туман ва шаҳарлар 4-сектор раҳбарлари ва котиблари, тегишли бошқармалар масъул раҳбарлари иштирокида секторлар фаолиятини сифат жиҳатидан яхшилаш ҳамда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижадорлигига қаратилган семинар бўлиб ўтди.
Унда сектор раҳбарлари ҳудудда амалга оширилган ишлар юзасидан тажриба алмашди ва бу ҳақда батафсил маълумот берилди.
- Секторимиз ҳудудидаги 18 та маҳаллада 63 минг 255 нафар аҳоли истиқомат қилади, - деди 4-сектор раҳбари Ўткир Бойзоқов. - Шу йилнинг 4 июль холатига кўра, 329 нафар фуқаро вакант иш ўринларига, 76 нафари жамоат ишларига жойлаштирилди. 168 нафар фуқарога тадбиркорлигини йўлга қўйиши учун 4 миллиард 639 миллион сўм кредит маблағлари берилди.
Бундан ташқари, сектор ҳудудидаги 752 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилиб, 735 нафари "дафтар"дан чиқарилди. Олти йўналишда 884 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилиб, 231 нафарига 249 миллион сўм бир марталик моддий ёрдам пули берилди. Шунингдек, 15 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун 138 миллион сўмдан зиёд имтиёзли кредит ажратилди.
Тадбир давомида иштирокчилар тумандаги ишлаб чиқариш корхоналари ва маҳаллардаги фаол тадбиркорлар фаолияти билан танишди.