Иштихон туманидаги светофорлар қачон бардавом ишлайди?!

Бугунги кунда йўллардаги тирбандликларни ҳисобга оладиган бўлсак, тумандаги светофорларнинг мунтазам ишламаслиги ҳаракат қатнашчиларига жиддий ва хавфли ноқулайликлар келтириб чиқараётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу борада айрим мутасадди ташкилотларнинг бефарқлиги эса ҳақли эътирозлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Бу каби эътирозларга сабаб бўлаётган чорраҳалардан бири Иштихон туман марказий йўли ва Қурувчилар кўчаси кесишган чорраҳа ҳисобланади.

Бундан аввал “Шабкўр светофорлар” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди, деб ёзмоқда “Иштихон овози” газетаси. Аммо, бу танқиднинг таъсири мутлақо сезилмади. Шаҳар марказидаги чорраҳада ўрнатилган светофор чироқларининг ҳануз бири ёнса, иккинчиси ёнмайди, таъмирталаб. Шаҳардаги марказий йўлда аҳвол шундай экан, ички йўллардаги қатновни қандай тартибга келтириш мумкин?