Иштихонда ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, каналга тушиб кетди
Жорий йилнинг 24 май куни соат 18:00 да ҳайдовчи 39 ёшли К.Т. бошқарувида бўлган “Matiz” русумли автомашинасини Иштихон тумани Азамат махалласи, Нуробод қишлоғи ҳудудидан ўтувчи йўлда бошқариб бориб, бошқарувни йўқотиши оқибатида ҳаракат йўналиши бўйича йўлнинг чап томони чеккасида жойлашган Хатирчи каналининг кичик ирмоғига тушиб кетиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Оқибатда автомашинада бўлган йўловчи 39 ёшли М.У. тан жароҳати олиб вафот этганлиги аниқланган. М.У.нинг мурдаси ҳодиса жойидан сув оқими бўйича 430 метр узоқликда каналнинг кичик ирмоғининг сув оқимидан топилган.
Ҳолат юзасидан Иштихон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.