Иштихонда яна бир давлат-хусусий шерикчилик асосидаги боғча очилди

Халқобод маҳалласида “Доно Солиҳа” номли давлат-хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Боғча топширилишида иштирок этган туман ҳокими Ш.Негматов тумандаги болаларнинг боғчаларга қамрови бўйича олиб борилаётган ишлар, қурилаётган янги мактабгача таълим ташкилотлари, уларда яратилган шароитлар ҳамда тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар ҳақида сўз юритди.

Хусусий тадбиркор Явқочев Фарҳод томонидан ташкил этилган мазкур МТТ ҳудуддаги 150 нафар болани қамраб олди.

- Биз, тадбиркорларга яратилган имкониятлардан фойдаланиб, 4 миллиард 500 миллион сўм маблағ эвазига мазкур замонавий, барча шароитларга эга боғчани қурдик, - деди Ф.Явқочев. – Мақсадимиз  фарзандларимизнинг ҳар томонлама комил бўлиб вояга етиши учун илк таълимдан уларга қулайлик яратиш. Муассасамизда ёзги соғломлаштириш учун айвончалар, ўйин майдонлари, чўмилиш ҳавзаси бунёд этилган. Машғулотлар хонаси, ётоқхоналар замонавий қилиб жиҳозланган.

Иштихон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.