Иссиқхона суммасидан мол-мулк солиғи тўланадими?

- Корхонамиз четдан енгил конструкцияли замонавий иссиқхона олиб келиб, божхонадан расмийлаштирган ҳолда белгиланган тартибда ўрнатди ва фаолиятини бошлади. Иссиқхона суммасидан мол-мулк солиғини тўлаймизми?

Тўхта Жамолов.

- Солиқ кодексининг 410-моддаси биринчи қисми, 1-бандида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ушбу кодекснинг 411-моддасига мувофиқ солиқ солиш объекти ҳисобланувчи мол-мулкка эга бўлган Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг солиқ тўловчилари деб эътироф этилган.

Шунингдек, мазкур кодекснинг 414-моддаси биринчи қисми, 2-бандида солиқ ҳисоблаб чиқарилаётганда солиқ базаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сақлаш учун, шунингдек, ипак қурти етиштириш учун фойдаланиладиган қишлоқ хўжалиги корхоналари балансида бўлган мол-мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати (ўртача йиллик қиймати)га камайтирилиши белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мурожаатда қайд этилган ҳолат бўйича Солиқ кодексининг 414-моддаси иккинчи қисмига асосан енгил конструкцияли замонавий иссиқхонанинг қолдиқ қиймати мол-мулк солиғи ҳисоблашда умумий мол-мулк қийматини камайтириш тарзидаги солиқ имтиёзидан фойдаланиш ҳуқуқи вужудга келади.

Саволга вилоят давлат солиқ бошқармаси ходими Валишер Темиров жавоб берди.