Истиқболли лойиҳалар, замонавий қурилишлар, даромад манбалари. Пайариқда бу йўналишларда қандай ишлар олиб борилмоқда?

Пайариқ тумани ҳокимлиги томонидан туманда олиб борилаётган қурилиш, янги ташкил этилаётган иқтисодий корхоналар, аграр соҳадаги янгиликлар билан танишиш мақсадида журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб пресс-тур иштирокчилари Имом Бухорий мажмуасида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди. Туман ҳокими Дилшод Мусинов ҳудудда қурилиш-бунёдкорлик ишлари, янги корхоналар, ёшлар бандлиги ва иш ўринлари яратиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди. 

 - Улуғ аждодларимизга бўлган ҳурмат, қолаверса, мамлакатимизда ички ва ташқи, зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида мазкур мажмуада улкан қурилиш ишлари олиб борилмоқда, - дейди Д.Мусинов. - Мажмуада 8 минг ўринли масжид, тўртта минора қурилади. Халқимизга хос турмуш тарзидан келиб чиқиб ички ва ташқи айвонлар барпо этилади. Қурилиш жараёнида бу ердаги тарихий булоқ ва бир неча юз йиллик чинор дарахтларига зиён етказилмайди. 

Шундан сўнг “Пайариқ кластер” масъулияти чекланган жамияти пахта-тўқимачилик кластери томонидан қурилаётган янги корхона фаолияти таништирилди. Кейинги йилнинг 2-чорагида ишга тушадиган мазкур корхонада уч босқичда ип-калава, тўқув-трикотаж, чигитни қайта ишлаш ва ёғ-мой корхонаси ташкил этилади. Қиймати 42 миллион евро бўлган мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Германия, Швецария, Япония, Италия, Хитой давлатларидан энг замонавий ускуналар келтирилади ва 1350 та янги иш ўрни яратилади. Ушбу лойиҳаларнинг ишга туширилиши билан йилига 35 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконияти яратилади. Содда қилиб айтганда, туманда йилига тайёрланадиган 36 минг тонна пахта хомашёсини чигитдан ажратиш, бирламчи қайта ишлаш, тола олиш, ип-калава ҳолига келтириш жараёнлари айнан шу корхонада амалга оширилади. Бу, албатта, ҳосилни хомашё сифатида арзон нархда сотишнинг олдини олади, янги иш ўринлари яратади ва қўшимча қиймат яратишда қўл келади. 

Туманда иқтисодий салоҳиятни юксалтириш билан бирга аҳолининг маънавий дам олиши учун ҳам шароит яратилмоқда. Челак шаҳарчасида Халқ банки ҳомийлигида ахборот-кутубхона маркази бунёд этилмоқда. 

- Мазкур ахборот-кутубхона маркази қурилиши учун АТ Халқ банкининг 3 миллиард сўм ҳомийлик маблағи жалб этилди, - дейди туман ҳокими ўринбосари Фаррух Омонов. – Бу ерда 5 та замонавий ўқув зали, тамаддихона, тақдимотлар ўтказиш ва мунозара аудиторияси, китобхонларга хизмат кўрсатиш бурчаги, маҳаллий бюджет маблағларидан молиялаштириладиган интернет хизмати жорий этилади. Қолаверса, электрон кутубхона, мунозара-дебат зали ҳам жой олади. 

Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари туман ҳокимлигида “Ёшлар дафтари”ги киритилган 100 нафар ёшларга ўз ишларини йўлга қўйишда зарур бўладиган асбоб-ускуналар тарқатиш жараёнида ҳам қатнашди. Унда 34 нафар хотин-қизларга тикув машиналари, 9 нафар ёшга мотокультиватор, 10 дан ортиқ қизга пишириш печлари ва аёлларга хизмат кўрсатиш ускунаси, 45 га яқин ёшга пайвандлаш ускунаси ва компьютер жамланмаси топширилди. 

Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари туманнинг Ингичка ҳудудида ташкил этилган лалми ҳудудда томчилатиб суғориш технологияси асосида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш жараёнлари билан танишишди. Сув тежовчи технологиялар жорий этилган бу майдонлар яқингача фойдаланилмай келинаётган ерлар сирасига кирарди. Бугун эса бу майдонлар яшил тусга кирган.

Ўтган йили Наволи ҳудудида 600 гектар лалми майдонлар ўзлаштирилган бўлса, жорий йилда Ингичка ҳудудидаги 1600 гектар майдон ўзлаштирилиб, кооперация ташкил этилди, - дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Саидхон Маликов. – Лалми ҳудудни ўзлаштириш учун 230 метр чуқурликкача бўлган 37 та артезиан қудуғи ковланди, 12 та ҳовуз, 6 та захира қудуқ қурилди. Экин майдонларига сув тежовчи технологиялар жорий қилинди. 28 километр янги электр тармоғи тортилди. Ҳозир бу ерда сувнинг исроф бўлишининг олдини олиш учун кечаси 2 соатдан суғоришни ташкил этдик. Йилнинг иккинчи ярмида шу ҳудудда яна 800 гектар лалми майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилиб, ёшлар учун ер майдонлари ажратилади.   

 

Бу ерга халқаро бозорда талаб юқори бўлган экспортбоп узум ва майиз олиш мумкин бўлган ток кўчатлари экилди. Янги ўзлаштирилган майдонлар тумандаги “дафтар”ларга киритилган 3200 дан ортиқ оилага 50 сотихдан 50 йилга деҳқон хўжалиги сифатида тақсимлаб берилди. Бу эса 10 мингдан ортиқ фуқаронинг бандлигини таъминлади. 

Илгари сувсизликдан қаровсиз бўлган бу майдонларда ҳозирда помидор, бодринг, саримсоқпиёз, тарвуз-қовун, картошка, ошқовоқ, нўхат ва бошқа экинлар парваришланмоқда. Сув тежовчи технологиялар 7 йилга 3 йиллик имтиёзли муддат билан тайёр ҳолда берилган.

Пресс-тур иштирокчиларига қисқа муддатда самара берадиган истиқболли лойиҳалар таништирилди. Демак, аҳолини иш билан таъминлаш, даромадини ошириш борасида сезиларли лойиҳалар ишлаб чиқилган. Бу эса туманда яқин йилларда иқтисодий ўзгаришлар бўлишидан дарак. 

Ўктам Худойбердиев.