Ит ва бошқа жониворлар тишлашидан вилоят бўйича 10 ойда 5 мингдан зиёд мурожаатлар тушган

Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида Самарқанд вилоятида 5059 та ҳолатда фуқаролар ит ва бошқа ҳайвонлардан жароҳат олиб тиббий ёрдамга мурожаат этган. Фуқароларнинг 1123 нафари номаълум итлардан, 3936 нафари эгаси маълум итлардан жароҳат олган. Бу ҳақда zarnews.uz`га вилоят Санитария эпидемологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Норбўтаев хабар бермоқда.

Маълумотга кўра, Самарқанд шаҳрида 850 та, Пайариқ туманида 618 та, Ургут туманидан 490 та, Оқдарё туманидан 404 та ҳолат қайд этилган. Бу туманларда ўтган йилга нисбатан кўпайиш ҳолатлари кузатилган.

Бу каби салбий ҳолатга барҳам берилмаса, аҳоли ўртасида қутуриш касаллигини кескин кўпайиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Шу боисдан Санитария эпидемологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ҳамда шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходимлари билан ҳамкорликда шаҳардаги дайди итлар масаласи ўрганилган. Ўрганиш давомида хонадонларда ит боқаётган фуқароларнинг уйида бўлиб, уларни сақлаш тартиби ҳам кўздан кечирилган.

Санитария эпидемологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғининг эпидимология масалалари бўйича ўринбосари Зоир Мўминовнинг таъкидлашича, хонадонларида ит боқувчилар Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги «Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 202-сонли қарорида кўрсатилган талабларга аҳоли томонидан риоя этилмаслиги натижасида юқоридаги ҳолатлар кузатилмоқда.