Италиялик вирусолог коронавирус заифлашаётганини маълум қилди
Сўнгги илмий тадқиқотлар коронавирус заифлашаётганини кўрсатмоқда. Бу ҳолат куз фаслида COVID-19 пандемиясининг иккинчи тўлқини кузатилмаслигига умид бағишлайди. Бу ҳақда Миланнинг Vita-Salute San Raffaele университети етакчи вирусологи Массимо Клементи РИА Новости билан бўлган суҳбатда маълум қилди.
“Шифокорларимиз май ойидан бошлаб касалликнинг ўткир кўриниши заифлашаётганини аниқлаган эди. Гап нафақат касалланганлар сонининг қисқарганлиги, балки интенсив терапия бўлимида даволаш талаб этиладиган ўпка етишмовчилиги кўзатилаётган касалларнинг ҳам сони қисқараётганлиги ҳақида бормоқда. Шу билан бирга, уйда даволанса ҳам бўладиган касалланганларнинг сони ҳам ошиб бораётир”, дея таъкидлади профессор.
Клементининг сўзларига кўра, клиник ҳолатнинг бу қадар жиддий ўзгаришига илмий баҳо бериш зарур бўлган.
- Биз кичик тадқиқот ўтказдик. Унга кўра, биз 1 мартдан 15 мартгача бўлган муддатда касалхонага ётқизилган юз нафар бемор ва май ойининг иккинчи ярмида касалланган юз нафар бемор кўрсаткичларини таққосладик. Бунинг натижасида эпидемиянинг бошланғич босқичидаги вирус босими май ойининг охиридагидан кўра, ўнлаб маротаба юқори бўлганлиги аниқланди. Ушбу натижа жуда катта аҳамиятга эга, - деди мутахассис.
Вируснинг кучсизланганлиги тўғрисидаги хулосага келишда эпидемиянинг турли босқичларини бошдан ўтказаётган давлатлардан келаётган маълумотлар ҳам туртки бўлмоқда. Жумладан, Клементи вирусни Хитой, Европа, АҚШ каби давлатлардаги геномларини таҳлилдан ўтказган лондонлик мутахассислар томонидан олиб борилган тадқиқотлар тўғрисида сўзлаб берди.
- Британиялик ҳамкасбларимиз вирус мутацияси содир бўладиган маълум бир геном ҳудудлари мавжуд эканлигини аниқлашди. Гап гомоплазия деб номланувчи феномен ҳақида бормоқда. Бу вирус эгилувчан эканлигини ва у турли мутациялар ёрдамида инсон организмига мослашаётганидан далолат беради, - деди мутахассис.
Клементи ушбу маълумотларни “жуда яхши янгилик”, деб атади. Унинг тахминига кўра, яқин вақт ичида янги вирус шу даражада заифлашиб қоладики, бунинг натижасида бошқа турдаги коронавируслар сингари у одамда фақатгина, грипп сингари оддий респиратор касалликларни келтириб чиқаради.
У шунингдек, пандемиянинг иккинчи тўлқини кўзатилиши эҳтимоли бўлмаслигига умид билдирди.
“Агар вирус биз кутганимиздек заифлашишда давом этса, унда шу йил қишда юзага келган вазият такрорланмайди”, дея таъкидлади мутахассис.