Ихтисослаштирилган мактабларда таълим сифатини оширишга бағишланган вилоят семинари бўлиб ўтди

Самарқанд вилоятидаги ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг фаолиятидаги камчиликларга барҳам бериб, илғор ғоя ва тажрибаларни оммалаштириш мақсадида Паст Дарғом туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида вилоят амалий семинари ташкил этилди.
Семинарда 1-ИДУМИнинг олий тоифали ўқитувчилари томонидан ноанъанавий ёндашув асосида очиқ дарслар ташкил этилиб, иштирокчилар учун маҳорат дарслари ўтиб берилди. Ўқитувчилар дарсларда эришилган натижаларни таҳлил қилиб, ютуқ ва камчиликларни муҳокама қилишди.
Шунингдек, семинар доирасида вилоят ихтисослаштирилган мактаб директорлар кенгашининг таркиби қайта кўриб чиқилди.
Очиқ дарслар якунлангач, вилоят семинарининг ялпи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят халқ таълими бошқармаси мутасаддилари сўзга чиқиб, вилоятда таълим сифати ва самарадорлигини оширишда, ўқувчиларнинг айрим фанлардан чуқур билим олиб, юқори натижаларга эришишида ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари етакчи бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Айрим таълим муассасаларида ўтказилган таҳлиллар, ўқувчи ва ўқитувчилар билим ва кўникмаларининг синови натижалари, таълим муассасалардаги умумий ҳолат талабларга жавоб бермаслиги ҳам қайд этилди. Бу каби камчиликларнинг олдини олиш бўйича тавсиялар берилди.
Жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини доимий назорат қилиш, уларда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, бу борадаги камчиликларга барҳам бериш мақсадида вилоят халқ таълими бошқармаси қошида ташкил этилган “Вилоят ихтисослаштирилган мактаб директорлари кенгаши”нинг таркиби қайта кўриб чиқилди. Бир ҳафта муддатда кенгашнинг йиллик режасини тузиш ва тасдиқлаш, вилоят ихтисослаштирилган мактабларининг семинарларини ташкил этишга келишиб олинди.