Жадидчилик ва Беҳбудий: Диний ва дунёвий билимлар соҳиби
(1-мақола)
Тошкент давлат университети (ЎзМУ)нинг журналистика факултетида ўқий бошлаганимизда собиқ совет иттифоқида қайта қуриш авжга чиққан, мустақиллик арафасидаги эркинлик насимлари эсаётган фурсатда жадидлар ҳақида ҳақиқатлар очила бошлади. Шундай кунларнинг бирида матбуот тарихидан дарс ўтган доцент билан Туркистон матбуоти «Искра» (болшевикларнинг илк газетаси)дан бошланиши борасида роса баҳслашганмиз.
– Айтганларингни аввал илмий жиҳатдан асослаб бер, – дея баҳсга ғолибона нуқта қўйганди марксизм-ленинизм ғоялари билан тарбияланган домла.
Шу гап турткиси билан эски нашрларни излаб, Алишер Навоий номидаги кутубхонада борлигини аниқлаганмиз ва у ерга махсус хат орқалигина кириш мумкинлигини эшитиб, хаёлдан «бекорга яширилмаган», деган ўй ҳам ўтганлиги ҳақиқат. Сиртдан қараганда бу нашрлар кутубхонанинг нодир қўлёзмалар бўлимида асралган. Бир томондан, тўғри қилишган яшириб. Бизгача етиб келди. Алалхусус, ўша манзилда болаликда кўрганимиз «Ойина» билан «юзлашганмиз», «Самарқанд» билан «танишганмиз», Беҳбудий билан диллашганмиз, қандай тарихдан воз кечтирилганимизни англай бошлаганмиз.
Ўтган ўттиз беш йил фурсатда коммунист домла ҳам бу оламни тарк этди. Бироқ ундан норизо ҳам эмасмиз. Негаки, бу фурсат Туркистоннинг озодлиги учун кураш тарихи зарварақларидан топганларимиз – ҳуррият орзуманди, миллат карвонбошиси, улуғ маърифатпарвар, бетакрор салоҳият ва тақдир соҳиби бўлган бобомизнинг кўп қиррали фаолиятидан, донишмандлиги, жасорати ва матонатидан огоҳ этди.
Маҳмудхўжа туғилган пайтда Самарқандни чор Россияси ўз мустамлакасига айлантириб бўлган эди.
Самарқанд мадрасаларида толиби илмларга таҳсил бериб келган мударрислар ва уларнинг оила аъзолари босқинчилар қатағонидан асраш мақсадида Зарафшон дарёси ва унинг ирмоқлари ҳисобланган Сиёб канали бўйларидаги вақф ерларга кўчирилади.
Муаррихлар таъкидича, мадрасалар ХВ асрдан бошлаб Мовароуннаҳрда етакчи ўқув юртига айланган ва улар вақф ҳисобига таъсис этилган. Вақф даромадларидан мадрасаларда мударрислар маош билан, талабалар стипендия, ўқув жиҳозлари ва тураржой билан таъминланган.
Вақфнинг нима эканлигини «Ислом энсиклопедияси»да берилган қисқача изоҳ мазмунидан англаш мумкин: «Мусулмон мамлакатларида давлат ёки айрим шахслар томонидан диний эҳтиёж ёки хайрия ишлари учун ажратилган мол-мулк Вақфнома орқали расмийлаштирилади. Ер-сув, уй-жой, мактаб, масжид, шифохона ва бошқалар вақф мулки бўлиши мумкин... Вақф мулкини шариат қонуни бўйича давлат бошлиғи ёки қози назорат қилади».
Беҳбудхўжа Солиҳхўжа ўғли ҳам Зарафшон дарёси яқинидаги Бахшитепа қишлоғига ўрнашиб, у ерда имом-хатиблик қилади.
Тарихчи ва археолог олим Амриддин Бердимуродовнинг ўрганишлари натижасида маълум бўлдики, чор Россияси 1868 йил Самарқандни босиб олгунига қадар душманга қарши кураш масаласида аҳоли икки гуруҳга бўлиниб қолади. «Биринчи гуруҳ: савдогарлар, бойлар ҳамда шаҳар раҳбарлари урушсиз таслим бўлиш тарафдори эдилар. Иккинчи гуруҳ: диндорлар, мадрасаларнинг талабалари ва оддий халқ ёвга қарши охирги томчи қон қолгунча курашиш тарафдори эдилар» (Бердимуродов А. Ғолиблик ёдгорлиги ёхуд Самарқанднинг оқпошшо томонидан босиб олиниши // «Туркистон» газетаси, 1992 йил 18 август).
Олимнинг таъкидича, курашни мақсад қилганлар маҳаллий мутасаддилар (биринчи гуруҳ) томонидан жазоланадилар...
Беҳбудхўжа Солиҳхўжа ўғли курашга отланганлар қаторида бўлса-да, мавжуд ҳолатни, айниқса, амирликнинг ҳарбий аҳволини, қурол-аслаҳалар ўта эски эканлигини таҳлил қилган ойдинлар қаторида бўлган...
Самарқанд мустамлакачилар қўлига ўтгач, уларнинг зулми нафақат шаҳар, балки чекка қишлоқлар аҳолисигача етиб боради. Ўз даврининг зиёлиси юзага келган аҳволни кўриб, англаб авомдан-да қаттиқроқ азият чекади. Ота-она ана шу дардларни шуурларида олиб юрган кезларда Маҳмудхўжа дунёга келади. Алалхусус, юрт қайғуси ота пушти камаридан, она сутидан фарзандига ўтади, вояга етказади.
Маҳмудхўжанинг улғайиш даврини батафсил ёритиш учун анча саҳифалар сарф бўлади. Шу боис отаси ва оила атрофидаги (тоғаси) муҳит таъсирида ўқиб, қандай тарбия топганини унинг шогирди ҳамда издоши Ҳожи Муин мақоласидан иқтибос келтириш билан кифояланамиз:
«Беҳбудий афанди 6–7 ёшға киргач, ўзининг катта тоғаси Муҳаммад Сиддиқ ҳузурида ўқуб хат ва саводини чиқарди. Сўнгра ўзининг отаси Беҳбудхўжа қори қилдурмоқ мақсади билан унга оз-оз Қуръон ўргатиб, ёдлата бошлади. 3–4 йил ичида Беҳбудий афанди Қуръонни бутун ёдлади ва рамазон кечаларида хатмларға ўтуб юрди. Беҳбудий афанди уч кечалик бир хатмда ёлғуз биргина хато қилғон, дерлар. Бу эса унинг қувваи ҳофизаси на даражада эканлигини кўрсатади» (Ҳожи Муин. Маҳмудхўжа Беҳбудий // «Учқун» журнали, 1923 йил, 1-сон).
Хатми Қуръон замонавий изоҳларда «Қуръонни батамом ўқиш ва шу муносабат билан ўтказиладиган диний маросим. Рамазон ойида, таровиҳ намозида Қуръони каримни аввалидан охиригача тиловат қилиб чиқилиши ҳам Хатми Қуръондир», дейилади. Ҳожи Муиндан олинган иқтибосда Беҳбудийнинг муқаддас китобимизни бошидан охиригача ўқиганлиги англашилади. Халқда ҳар бир даврнинг ўзига хос қиёслари бўлади. Маҳмудхўжанинг уч кечалик хатмда биргина хато қилгани ўз даври учун ҳам, бугунги давр ислом олами учун ҳам аҳамиятлидир.
Келгусида «Мухтасар тарихи ислом» («Исломнинг қисқача тарихи»), «Амалиёти ислом» каби қўлланмаларни яратиши унинг ислом дини тарихи ва дунё бўйича амал қилиши борасида ҳам катта билимга эга бўлганлигидан далолат бўлади.
Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, Маҳмудхўжа болалигидан илмга чанқоқ, дунёнинг ривожланишига омил бўлган янги билимларни ўзлаштиришга ҳаракат қилган. Бошқача айтганда, Қуръони каримни ёд олгач, кейинги босқичда замонавий билимларни ўзлаштиришга киришган. Фикримиз исботи сифатида Ҳожи Муиндан кўчирма келтиришда давом этамиз.
“Беҳбудий афанди ёлғуз қорилиқ билан қаноатланмай, 15 ёшларида ўзининг тоғаси муфти мулла Одил ҳузурида дарс ўқурга киришди. Арабий сарфу наҳвдан «Кофия» ва «Шарҳи мулло»ни, мантиқдан «Шамсия»ни, фиқҳдан «Мухтасар ул-виқоя»нинг биринчи дафтарини ва бироз «Ҳошия»ни мазкур зотнинг ҳалқаи тадрисида ўқуди. Ҳисоб илмини ҳам (масоҳатғача) шул кишидан ўрганди” (Ҳожи Муин. Маҳмудхўжа Беҳбудий // «Учқун» журнали, 1923 йил, 1-сон).
Шунингдек, Беҳбудийнинг ўзи Самарқанд ва Бухоро мадрасаларида таҳсил олганлигини «Туркестанские ведомости» газетаси мухбирига берган интервюсида таъкидлайди. Бугунги нуқтаи назар билан қараганда, у олий таълим тизимининг камида бакалавр ва магистр даражасини ёқлаган. Устози муфти мулла Одилнинг сўзига кўра, Беҳбудий ёшлик чоғида ўткир зеҳнли ва ўқиб-ўрганишга иштиёқи жуда баланд бўлган. Устозининг бир марта ўргатиши унинг хотирасида муҳрланган. «Ўзи ғоят ҳалим, адаблик, оз сўзлик ва ўйин-кулгуни севмайтурғон бўлғон» (Ҳожи Муин. Маҳмудхўжа Беҳбудий // «Учқун» журнали, 1923 йил, 1-сон).
Ҳалим САИДОВ, филология фанлари доктори, профессор.
(Давоми бор).