“Жадидлар изидан”: Танловнинг финал йўлланмаси учун 32 нафар ўқувчи беллашди
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан икки йилдан буён ўқувчилар ўртасида “Жадидлар изидан” республика танлови ўтказиб келинмоқда.
Аждодларимизнинг бой маънавий меросини тарғиб этиш ҳамда ёшларни китобхонликка кенг жалб қилиш мақсадида ташкил этилган танловнинг вилоят босқичи Оқдарё туманидаги 32-мактабда бўлиб ўтди.
Танловнинг туман (шаҳар) босқичида тест ва савол-жавоб йўналишларида ғолибликни қўлга киритган 32 нафар 6–8 ҳамда 9–10-синф ўқувчилари “Бошқотирма”, “Савол-жавоб” ва “Асарлар таҳлили” шартлари бўйича жадид намояндаларининг ҳаёти ва ижодига доир билимларини синовдан ўтказди.
Танлов жараёнини ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
— Танловнинг асосий мақсади — жадид боболаримизнинг ғоя ва қарашларини мактаб ўқувчилари ўртасида кенг тарғиб қилиш, уларнинг маънавий меросини ёшлар онгига сингдириш ва фикрлаш маданиятини шакллантиришдир, — дейди жадидшунос олим, ҳакамлар ҳайъати раиси Баҳром Ирзаев. — Жадидлар ҳар доим маърифат, эркин фикр, илм ва тараққиётни муҳим деб билган. Танлов орқали ўқувчиларда шу каби тушунчаларни уйғотишга интиляпмиз. Ўтган йили танловда иштирок этиш истагини 365 мингга яқин ўқувчи билдирган бўлса, бу йил бу кўрсаткич 656 минг нафардан ошди. Ўқувчиларнинг жадидлар ҳаётига қизиқиши ортгани, уларнинг ислоҳотчилик фаолияти, матбуот ва театр соҳасидаги ижоди, панд-насиҳатлари ҳақида жиддий маълумотга эга экани қувонарли. Энг муҳими, жадидчиликни фақат тарихий ҳаракат сифатида эмас, балки бугунги кун учун ҳам долзарб тушунча сифатида қабул қилаётгани таҳсинга лойиқ.
Танлов натижасига кўра, 6-8-синф ўқувчилари ўртасида биринчи ўринни Жомбой туманидаги 12-мактаб ўқувчиси Лола Камолиддинова, 9–10-синф ўқувчилари ўртасида Каттақўрғон шаҳридаги 11-мактаб ўқувчиси Заҳро Содиқжонова қўлга киритди.
— Ўтган йил танловнинг вилоят босқичида иккинчи ўринни қўлга киритган эдим, — дейди Заҳро Содиқжонова. — Ўтган йил танловнинг республика босқичида иштирок этмаган бўлсам-да, бу мен учун катта тажриба бўлди. Жадидлар ҳаёти ва ижодини янада пухта ўрганиб, бу йилги танловга жиддий тайёргарлик кўрдим. Насиб бўлса, республикада ҳам ғолиб бўлиб, ота-онам ва устозларим ишончини оқлайсан.
Танловнинг республика босқичига вилоятлардан икки нафардан ўқувчи сараланади ва республикада ҳам ғолиб бўлган иштирокчилар Германияга икки ҳафталик саёҳат қилади.