Жамоат транспорти воситалари карантин қоидаларига амал қиляпти(ми)?
Юртимизда карантин чекловлари юмшатилди. Жамоат транспорт воситалари, йўналишли таксилар карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда фаолиятини бошлаши белгиланди. Аммо бугунги вазиятда автобус ҳайдовчилари ва йўловчилар карантин қоидаларига риоя қиляптими?
Манзилимга бориш учун автобусга чиқдим. Дастлабки бекат бўлганлиги учун автобусда одам кам эди. 2-3 бекатдан сўнг йўловчилар кўпайиб, оёқ қўйгани жой қолмади ҳисоб. Худди олдинги муаммо. Кондуктор: “Сал четроқ туринг, ўртага ўтинг, орага киринг”, деб йўловчи олар, бекатдаги одамларни "Келинг" дея, тиқилинч жойга жойлаштирарди.
Йўловчилар ҳам кимдир ниқобда, кимдир уни иягига таққан, яна қайсидадир ниқобнинг ўзи йўқ.
Охири ўрта ёшли кишилар ҳайдовчига эътироз билдирди:
- Ҳозирги вазиятда кўп одам олишингиз яхшими, ахир йўловчи олишда ҳам қоида, чеклов бор. Илгариги вақт бўлса майли эди, аммо бугун ҳолат умуман бошқача-ку.
Ҳайдовчи эса "Уларни тушириб кета олмаймиз-ку", дея жўнгина жавоб берди.
Бугун аксарият одамлар жамоат транспортида ҳаракатланади. Агар улар карантин меъёрларига амал қилмаса, бу касалланиш ҳолатларининг кўпайишига сабаб бўлмайдими? Наҳотки, ҳайдовчилар йўловчиларнинг, шу билан бирга ўзининг саломатлигига бефарқ бўлса?
Муниса ШАМСИЕВА.
P/s: Бугун Самарқанд вилояти ҳокимлигида видеоселектор тарзидаги ўтказилган аппарат йиғилишида аҳолига транспорт хизмати кўрсатилишини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди. Унда юқоридаги каби ҳолатлар тез-тез учраётгани ҳам таъкидланди ва бунга барҳам бериш, ҳатто бунга йўл қўяётган ҳайдовчи ёки бошқа масъулларга чора кўриш белгиланди.
Ўйлаймизки, Самарқанд шаҳар ва шаҳарлараро йўналишларда қатновчи автобуслардаги бу ҳолатга мутасадди идоралар ходимлари ечим топади.