Жамоатчилик палатаси аҳолининг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтиради
Ўзбекистон Республикаси Президенти шу йил 16 апрелда «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида" фармон қабул қилди.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ва ҳар бир ҳудудда унинг бўлимлари ташкил этилади.
Жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 50 нафар аъзодан иборат бўлади. Уларнинг 18 нафари Президент томонидан тайинланади, 18 нафари маҳаллий ННТлар орасидан танлаб олинади, 14 нафари ҳудудий жамоатчилик палаталари вакиллари бўлади.
Жамоатчилик палатаси қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
- фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маърузалар тайёрлайди;
- Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисидаги таклифларни беради;
- мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим ва долзарб масалаларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқади;
- давлат органларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан тушунтириш беради.
Ҳудудий жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 21 нафар аъзодан иборат бўлади. Улар ҳудудларда фаолият олиб бораётган ННТлар, илмий доиралар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакилларидан шакллантирилади. Аъзоларнинг ваколат муддати 3 йил этиб белгиланади.
Фармон билан Президент ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ва Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази фаолияти тугатилади.
«Mening fikrim» веб-портали Жамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказилади.
Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари давлат органлари ва ташкилотларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан Жамоатчилик палатаси сўровини юбориш ҳуқуқига эга.