Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жанговар иккилик ва учлик билан ҳаракатланиш тактикаси амалиётга татбиқ этилди (фото)

Самарқанд вилоятидаги “Сазағон” полигонида Мудофаа вазирлиги ва Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги билан ҳамкорликда жанговар тайёргарликнинг янги усуллари амалиётга татбиқ этилди.

Доимий жанговар шайликдаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари билан шаҳар ва чўл шароитида жанговар таркиб билан ҳужумга ўтиш, отиш позицияларини ўзартириш, қайта мудофааланиш бўйича йўл-йўриқлар ишлаб чиқилди. Ўқув машғулотлари давомида ушбу ҳаракатланиш амалиётда кўриб чиқилиб, йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

– МДҲ давлатлари Қуролли Кучлари ичида Миллий армиямизга мос равишда жанговар тайёргарлик усулларини биринчилардан бўлиб амалиётга татбиқ этяпмиз, – дейди Мудофаа вазирлиги масъул офицери, подполковник Машҳур Аглаев. – Охирги ўн йил ичида турли давлатларда юз берган террорчилик босқинлари ва уларни бартараф этиш бўйича тактик ҳаракатлар ўрганиб чиқилди. Шу асосда бугун полигонда бўлинмалар билан бир нечта тактик ҳаракатланиш усуллари кўриб чиқилмоқда.

Амалиёт давомида бўлинмаларнинг сунъий тўсиқлардан ўтиш, бинони қуршаб олиш ва ишғол қилиш каби руҳий ҳамда жисмоний сифатлари синовдан ўтказилди.

Марказий ҳарбий округ ҳарбий қисми бўлим командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Акбар Абдухалиловнинг таъкидлашича, Самарқанд ҳарбий-маъмурий сектори режасига мувофиқ шаҳар ва туманлардаги ўқувчи-ёшлар бу каби амалиётларга таклиф қилинмоқда. Бунда ҳарбийларнинг нималарга қодирлигини жамоатчиликка намойиш қилиш, шу орқали уларда ҳарбий-ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш кўзда тутилган.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати.