Жанубий Кореяга ишлаш учун имтиҳон топшираётганлар огоҳлантирилмоқда

Шу кунларда Корея Республикасида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагидаги фуқаролар учун Тошкент шаҳрида EPS-Topik тест имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда.

Тест имтиҳонларини адолатли ўтказиш учун Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати билан ҳамкорликда барча техник ва ташкилий чоралар кўрилган.

Хусусан, Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан тест ўтказиш учун махсус планшетлар келтирилган бўлиб, ушбу планшетдаги тест саволлари иштирокчи қиёфаси автоматик тарзда аниқлангандан кейин очилиши (Face ID) тизими ҳам жорий этилган.

Шунга қарамай, бугунги кунга қадар бошқа фуқаро ўрнига тестга кириш ва тестда қўшимча воситалардан фойдаланишга уриниш билан боғлиқ 23 та ҳолат аниқланган.

Таъкидлаш жоиз, Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати талабларига мувофиқ, тест имтиҳони қоидаларини бузган фуқаро 3 йил давомида ушбу имтиҳонда қатнашиш имкониятидан маҳрум бўлади ҳамда қонунчиликда белгиланган жавобгарликка тортилиши мумкин.

Шу муносабат билан имтиҳон жараёнида барча тартиб-қоидаларга риоя қилиш сўралган.