Жар ёқасидаги йўл ёхуд иштихонлик масъуллар фуқаро мурожаатига нега масъулиятсизлик билан ёндашяпти?
Иштихон тумани Чимқўрғон маҳалласидан ўтувчи сой устидаги кўприк бузилган. Уни таъмирлашга эса катта маблағ керак. Буни тушуниш мумкин, аммо...
Юқори чимқўрғонлик ўқувчилар мактабга бориши учун яна биргина йўл бор. Бунинг учун қўшни Қўшработ тумани Қийқим маҳалласи орқали 5-6 километр масофани босиб ўтишса бўлгани, мактабга етиб олишади. Шу йўлнинг 130 метр қисми ҳам масъуллар эътиборига муҳтож. Сел оқибатида ҳосил бўлган катта жарлик нафақат болалар, балки катталар, ҳатто автоуловлар ҳаракати учун ҳам жуда хавфли. Яна бир марта сел келса, бу йўлдан ҳам юриб бўлмаслиги мумкин.
Бу масала шу қишлоқда яшовчи Нуриддин Яҳёевдан келган шикоят хати асосида ўрганилиб, газетамизнинг 2020 йил 26 сентябрдаги 108-сонида “Сел келса чимқўрғонликлар йўлсиз қолади(ми?)” сарлавҳали мақола ҳамда шу йилнинг 28 сентябрида Zarnews.uz телеграм каналимиз орқали видеолавҳа берилган эди. Ўша пайтда туман ҳокими ўринбосари Умид Исломов жар ёқасидаги йўл масаласини икки-уч кун ичида фавқулодда вазиятлар бўлими вакиллари ва масъул мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ билан жойига бориб ўрганишини, муаммонинг ечимини топишга ҳаракат қилишини айтган эди.
Яқинда таҳририятимизга Нуриддин Яҳёевдан яна мурожаат келди. У кишининг ёзишича, орадан икки-уч кун эмас, икки-уч ой ўтибди ҳамки ҳоким ўринбосари ва мутасаддилардан дарак бўлмаган. У вилоят ҳокимининг шу йил 12 сентябрь куни Пайариқ туманида, 3 октябрь куни эса Қўшработ туманида ўтказган сайёр қабулида ҳам шу масала бўйича мурожаат қилган. Мутасаддилар эса “шуғулланамиз, кўриб чиқамиз, бажарамиз”дан нарига ўтмаяпти.
Иштихон тумани ҳокимлиги масъуллари фуқаро томонидан вилоят ҳокимига қилинган мурожаатни ўрганиш ва муаммони ҳал этишга нега масъулиятсизлик билан қараяпти? Қолаверса, оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мақолага муносабат билдирмаслигини қандай тушуниш мумкин?
Тўғри, айрим муаммоларни бартараф этиш учун муддат ва катта маблағ талаб қилинади. Юқори Чимқўрғондаги бузилган кўприк қайсидир бир дастурга тушишини кутиб ётар. Бироқ қишлоқдаги жар ва унинг ёқасидаги йўлнинг дастурларни кутишга “сабри чидамайди”. Яна такрорлашга тўғри келади: бир марта сел келса Юқори чимқўрғонликлар йўлсиз қолиши шубҳасиз. Ўйлаймизки, масъуллар бундан тўғри хулоса чиқариб, халқ дардини ҳис қилиб, муаммога ечим топади.
Тўлқин СИДДИҚОВ.