Жавоҳир – Эргаш Жуманбулбул авлоди

Таниқли шахматчимиз Жавоҳир Синдоровнинг Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида жаҳон кубогини қўлга киритиши Ватанимиз учун чинакам тарихий воқеа бўлди. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг Жавоҳирни телефон орқали табриклаши ва унга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устаси» унвонини бериши, табиийки, барча юртдошларимизда ҳавас уйғотди. Буни мен Ватаннинг фидойи ўғлонларига чинакам ҳурмат, деб биламан.

Жавоҳир билан биз, қўшработликлар фахрланамиз. Чунки барчамиз Эргаш Жуманбулбул ўғлининг шажарасига тегишли Синдор бобонинг ўғли Ойдин Синдиров авлодларимиз. Жавоҳир гарчи, Тошкентда ўсиб-улғайган бўлса-да, унда буюк оқин Эргаш бобомизнинг қони бор. Отаси, зукко ҳуқуқшунос олим, бир неча қиссалар муаллифи Комилжон Синдоровнинг ана шу фарзандининг шахматчи бўлиши учун нечоғлик машаққат чекканидан, ҳаракат қилганидан, уни доим қўллаб-қувватлаганидан хабардорман. Қолаверса, мамлакатимизда ёш иқтидорларга яратилаётган шароит ҳам ҳавас қилса арзигулик.

Жавоҳирнинг бу ғалабаси албатта меҳнат, машаққат, сабр-қаноат самарасидир. Шу ўринда мен Жавоҳирнинг бу жасорати уни ўз юрти, халқи олдидаги фарзандлик бурчининг масъулияти ҳам, деб тушунаман.

Барчамизга фарзандларимиз, авлодларимиз камолидан фахрланиш, фарзандларимизга эса шу улуғ юртга муносиб бўлиш насиб этсин!

Актам Синдорович ЎРОЛОВ,

СамДАҚИ профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.

(Суратда: Жавоҳир 2018 йил декабрда “Зарафшон” газетаси таҳририяти меҳмони бўлган эди)