Жазо муддатини ўтаётган 38 нафар самарқандлик шахс афв этилди

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 декабрда имзолаган “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган 483 нафар шахс афв этилди.

Уларнинг 38 нафари Самарқанд вилояти ҳудудида яшовчилардир.

Вилоят ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати пробация бошқармасидан олинган маълумотга кўра, афв этилган 38 нафар шахс (шулардан 2 нафари аёл) муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод этилган. Шунингдек, мазкур фармонга асосан вилоят ИИБ пробация бўлинмалари ҳисобида турган 8 нафар вояга етмаган шахс ҳам жазодан тўлиқ озод этилган.

Келгусида ушбу афв этилган шахслар билан жойлардаги масъуллар томонидан уларнинг оилавий аҳволи ўрганилиб, маҳаллаларда уларга мураббий бириктирилади. Жамиятга ижтимоий мослаштириш мақсадида бир марталик моддий ёрдам ажаратилади, тиббий кўрикдан ўтказилади ҳамда фойдали меҳнатга жалб қилиш мақсадида бандлик бўлимлари томонидан ишга жойлаштириш масалалари кўрилади.