Жазодан мақсад жавобгарни тарбиялашми ёки ундан ўч олишми?
Маъмурийми, жиноий жавобгарликми, қанақа турдаги жавобгарлик бўлишидан қатъий назар, у тарбиявий аҳамиятга эга бўлиши лозим. Лекин жазо давлатга ишончсизлик, жамиятга нафрат, қонунларга ҳурматсизлик келтирмаслиги керак.
Жиноят қонунчилигида жиноий қилмишлар тур ва тоифаларга бўлинади: ижтимоий хавфлилик даражаси, қасддан ёки бехосдан эканлиги албатта инобатга олинади. Маъмурий қонунчиликда-чи?
Энг кўп маъмурий жавобгарликка дуч келадиганлар йўл ҳаракати иштирокчилари, аниқроғи ҳайдовчилардир. Шунинг учун шофёрлар билан ЙПХ ўртасидаги тортишув азалий ва абадийдир.
Гапни чўзмай, бир ҳаётий воқеа орқали қонунчилигимизнинг айрим жиҳатларига эътиборингизни қаратмоқчиман. Қонунчиликка таклиф маъносидаги фикримиз тушунарли бўлиши учун воқеани батафсилроқ баён этишга ҳаракат қилдик.
Автомашина эгаси 3 йил олдин ишончнома берган бўлса, ўзи бошқа шаҳарда бўлса, ишончнома тугаганини ва машинани акаси миниб юрганини билмаса, бехабар ҳолда МЖтКнинг 135-2-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилиши адолатданми?..
Шуҳрат исмли йигит кўп йиллар Россияда ишлаб юрди. У ёқда ўйнаб юргани йўқ, бола-чақасини боқиш, 15 йилдан буён ота ҳовлида яшаётган оиласи учун алоҳида уй қуриш учун 10 йил мусофирчиликда ишлади.
Кузда келди. Амал-тақал қилиб бир уйни қуриб кўчиб чиқди ҳам. Укасига тегишли “Дамас”ни тирикчилик важидан миниб юрди.
Бир куни оила аъзолари билан зиёратдан келаётганида бир автомашина унинг “Дамас”ига келиб урилди, жиддий йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Кўпчилик жароҳат олди, ўзининг оёғи синди, машина яхшигина зарар кўрди. Бироқ, айбдор ҳайдовчи на ёрдам берди, на ҳол сўради. Шуҳрат анча вақт касалхонада ётиб даволанди, кейин уйида ётди. Аста-секин оёққа турди, машинасини ҳам қарз-ҳавола, дўстлар, қариндошлар ёрдамида таъмирлади. Чунки, оиласини боқиш, қарзларини узишнинг бирдан бир воситаси шу.
Тўлиқ тузалмасданоқ, рулга ўтирди. Рўзғор, қарзлар кутиб турмайди. Бир ўртоғи Самарқанд шаҳрида тадбиркорлик қилади. Шуҳратга ёрдам бўлсин, деб ишга таклиф қилди. Унинг вазифаси “Дамас”да тайёр маҳсулотларни мижозларга тарқатиш.
Ишнинг эртаси куни яна ишкал чиқди. “Дамас”ни ЙПХ тўхтатиб ҳужжатларини текширганда, Шуҳратга берилган ишончноманинг муддати кеча тугаганлиги маълум бўлди, яъни ЙПХ ходими 17 апрель куни тўхтатган, ишончнома муддати 16 апрель куни тугаган экан. Демак, ҳали 24 соат ҳам бўлмаган. Бунинг устига ҳуқуқбузарлик қасддан содир қилинмаганлиги аниқ кўриниб турибди.
Катта кўнгилсизликлар бўлишини сезган Шуҳрат ЙПХ ходимига аҳволини тушунтирган, “шу бугуноқ тўғрилайман, билмай қолдим”, деб ялинган. Лекин тортишмаган! ЙПХ ходими “Бўпти ука, кўриниб турибди, билмай қолибсан. Шу бугуноқ ҳужжатингни тўғрилаб ол”, деб юборса давлат ва жамият манфаатларига катта зарба бўлмасди. ЙПХ ходимининг вазифаси ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бартараф қилиш. Бунинг учун фақат жарима солиш эмас, қоидабузарлик тури, содир қилиниш ҳолати, қасддан ёки билмасдан содир қилинишига қараб огоҳлантириш орқали тузатиш ҳам мумкин. Лекин ЙПХ ходими ўз вазифасини садоқат билан бажарган ва машинани жарима майдончасига қўйган. Қонун ва одамгарчилик зид келиб қолганда мансабдор ҳаётий тажрибасига таяниб вазиятга инсоний баҳо бера олиши керак.
Ҳайдовчи қоидани бузган бўлса, жаримасини тўлаши керак. Лекин қачон? Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда “ҳайдовчининг автомашинаси жарима майдончасида камида 3-5 кун туриши шарт! Ҳайдовчи содир қилган ҳуқуқбузарлиги учун жарима майдончаси эгасига ҳам отнинг калласидан пул тўлаши керак” деган норма йўқ! Лекин бирорта ҳайдовчи “штрафстоянкадан” бир-икки кунда машинасини олиб чиқолмайди (айрим “кучли”лар бундан мустасно). Тизим шундай қилинганки, ЙПХ ходими шу куни кечқурун, хоҳласа эртасига ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани ишхонасига топширади. У ердаги маъмурий амалиёт бўлими икки-уч кунда тегишли манзилга юборади. Хуллас, бу жараён уч-тўрт кунга чўзилади. Энг камида! Ҳафталаб, ойлаб чўзилиб кетиши ҳам янгилик эмас. Бу пайтда автомашина жарима майдончасида тураверади, майдонча эгаси эса кун санайверади. Машина қанча кўп турса, унга шунча яхши! Оддий автотураргоҳда нарх 2000-3000 сўм, жарима майдончасида 15000 сўм. Нимага? Иккаласи ҳам машинани бир хил қўриқлаяпти-ку? Ҳайдовчи қоидани бузган бўлса, қонун олдида жавоб бериб давлатга жарима тўлайди. Лекин “штрафстоянка” хўжайинига ҳам жавоб бериши керакми? Унинг қайси қариндошини хафа қилди?
Бунинг устига ЙПХ ходимлари хатти-ҳаракати, ҳужжатни ижрога қаратишга шошилмаслиги автомашина “штрафстоянка”да кўпроқ туришига қаратилгандек фикр пайдо бўлади. Улар бир-бирига қариндошмикин ёки ўрталарида бирор моддий муносабат борми?
Худди шундай Шуҳратнинг ҳам овора-сарсончилиги ошиб кетди. Ҳар куни “ГАИ”га қатнайди. Жавоб битта: “Протокол келган эмас!”. Қоидабузарлик тўғрисидаги баённома бир ҳафтада келди! Машина бир ҳафтадан буён жарима майдончасида турибди. Энди Шуҳрат ҳам жарима тўлайди, ҳам “стояншик”ка яхшигина пул беради. Нега? “Протокол” бир ҳафта кечикиб келгани учун ҳам жабр кўриши керакми?
Масаланинг яна бир томони пайдо бўлди. Ниҳоят, “протокол” келганда жарима тўлагани борса, маъмурий амалиёт ходими “машина эгасини ҳам чақир, унга ҳам 5 оклад жарима қиламиз”, деб оёқ тираб турибди. Ялинишлар, илтимослар, аҳволни тушунтиришлар бефойда кетди. Чунки қоида шунақа!
Ҳайдовчи оддийгина эътиборсизлиги туфайли икки миллион сўмдан ортиқ пул тўлаши керак! Тўғри у айбдор, буни тан олиб турибди. Лекин инсон хатодан холи эмас, жазо қилмишга яраша бўлиши керак эмасми? Ишончнома уч йил олдин берилган, бу орада у Россияга бориб келган. Шундоқ бошидан ошиб ётган ташвишлари туфайли эътиборсизлик қилиб, ишончномаси муддати тугаганини сезмай қолган. Бўпти, хатосини тан олиб энг кам иш ҳақининг беш баробарини тўлашга рози. Шу пулни ҳам келгусидаги иш ҳақлари ҳисобидан тадбиркор дўстидан қарз олди. Лекин қўшимчасига машина эгаси учун ҳам беш баробар, “протокол” бир ҳафта келмагани учун стоянкага қанчадир пул тўлаши керакми?
Автомашина эгаси ўзининг туғишган укаси. У акаси Шуҳратга 3 йил олдин ишончнома берган, ҳозир ўзи бошқа шаҳарда. Ишончнома тугаганини ва машинани акаси миниб юрганини билмаса, бехабар ҳолда МЖтКнинг 135-2-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилиши адолатданми? Автомашинани бошқаришга ҳуқуқи бўлмаган шахсга машинасини бериб, “ҳайдаб юравер, мен жавоб бераман” деб ўзи воқеада иштирок этган бўлса бошқа гап эди.
Бу ҳаётий мисол. Ўша йигит ҳозир кечаю кундуз рулда юрибди, қарз тўлаяпти. Янги кўчиб чиққан чала-ярим уйида бола-чақаси ейман-ичаман, деб турибди, эски қарзлари навбат кутаяпти.
Тўғри, ЙПХ ходимлари бу жарималарни камайтиролмайди, уларда бундай ваколат йўқ. Уларнинг қўлида қатъий белгиланган нормалар, қоидалар бор. Фақат маъмурий суд орқали вазиятга холисона баҳо бериб жаримани камайтириш имкони бор. Лекин, биринчидан машина яна бир неча кунлаб “штрафстоянка”да ётади, иккинчидан ўзи шундоғам ҳафталаб овора-сарсон бўлган ҳайдовчи судга қатнашдек асаббузарликдан безиб, тақдирга тан беради. Ёки ҳуқуқий билимлари етишмайди. Хўш, неча фоиз ҳайдовчи жариманинг ҳаддан ташқари юқори эканлиги масаласида судга мурожаат этибди? Кўрсаткич фоизи жуда кам. Демак, бу амалиёт ҳам анчагина ислоҳотлар талаб қилади.
Хуллас, ҳаммаси 2,5 миллионга айланаяпти. Бу пул кимларгадир арзимасдир, лекин амал-тақал қилиб машинасини ғилдиратиб рўзғор тебратаётган ҳайдовчиларнинг ҳаётини остин-устин қилиб ташлайди! Кунига 50-60 минг сўм топадиган ҳайдовчи бунча пул учун неча ой, неча кун ишлаши керак? Бу пайтда оиласи емай-ичмай кутиб турадими? Шунда ҳам машинаси бузилмай турса, яна “ГАИ”га тушиб қолмаса...
Жазо сал ошиб кетмаяптими? Хато қилганни эзиб ташлаш керакми? Наҳотки, қасддан содир қилинган ҳуқуқбузарлик билан бехосдан содир қилинганини фарқи бўлмаса?
Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар кескин оширилди. Натижада, ҳайдовчиларнинг ҳушёрлиги ошиб йўл-транспорт ҳодисалари камайгани ҳам ҳақиқат. Спиртли ичимлик ичиб рулга ўтирса, рулда телефонда гаплашса ва ҳакозо қасддан содир қилинган қоидабузарликлар учун жазолар қатъий бўлиши тўғри. Лекин қасддан қилинмаган қоидабузарликлар учун жазо тайинлашда инсонпарварлик мезонлари, қоидабузарнинг ижтимоий аҳволи ҳам ҳисобга олиниши керакмикан.
Юқорида таъкидланганидек, аҳолимизнинг катта қисми автомашинаси туфайли рўзғор тебратмоқда. Уларнинг асосий қисми кечаги мигрантлар. Шу тоифадагилар қасддан қоидабузарлик қилмайди, топган ҳар бир сўмини қадрлайди. Лекин юқоридаги ҳолатга тушиб қолиб, топганини оиласига эмас, давлатга тўлаяпти ва яна Россияга равона бўлаётгани ҳам бор гап.
Сал хатога бор-будини тортиб олиб, қаттиқ жазолайверсак амаллаб машина миниб, рўзғорини тебратиб юрганлар бир дунё қарзни бўйнига олиб яна четга ишлаш учун йўл олади. Албатта, самолётга пули етмай автобусда кетади. Қозоғистон йўлларида авария бўлмай, поездлар тагида қолмай, автобусда ёниб кетмай, музлаб қолиб бўриларга ем бўлмай етиб олса яхши. Лекин Россияда ҳам ҳеч ким уни қучоқ очиб кутиб тургани йўқ.
Хўш, қонунларимиз ва қонунчиларимиз қай даражада инсонпарвар? Қонун ижрочилари вазиятни тўғри баҳолай оладиган даражада ҳаётий тажрибалими ёки “қаҳри қаттиқ қаҳрамон”ларми? Бу билан нимага эришамиз? Юртбошимиз меҳнат мигрантларини камайтиришга ҳаракат қилаётган бир пайтда қонунни шафқатсиз қуролга айлантириб қаҳрамонлик қиламизми? Айбдорлардан маза қилиб ўч оламизми?
Яна таъкидлаймиз: жазо қилмишга яраша бўлиши лозим. Жазо давлатга ишончсизлик, жамиятга нафрат, қонунларга ҳурматсизлик келтириб чиқармаслиги керак. Лекин қоидабузарликларни тур ва тоифаларга бўлиш, содир қилиниш ҳолатига ҳам эътибор қаратиш керак! Қасддан содир қилинмаган қоидабузарликларга жарималарни либераллаштириш керак.
Садриддин НАБИЕВ,
журналист.