Жазоловчи орган эмас, адолат қўрғони

Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаш арафасида ўтган давр мобайнида босиб ўтилган мураккаб йўлимизга яна бир назар ташлаш, мустақил тараққиётимиз давомида амалга оширилган ишлар, эришган натижаларни холисона баҳолаш ва уларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадга мувофиқдир.

Зотан, собиқ иттифоқ даврида инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликларига бўлган эътибор давлат манфаатидан кейинги ўринда қараб келинган. Истиқлол туфайли Конституциямизда бу масала биринчи ўринга кўтарилиб, давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши қатъий белгилаб қўйилди.

Албатта, мустақиллик йилларида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар босқичма-босқич, тадрижий йўл билан амалга оширилди ва бу жараён давом этмоқда. Хусусан, 1991-2000 йилларни қамраб олган биринчи босқичда ўтиш даври ва миллий давлатчилик асослари шакллантирилди. Яъни, суд тизими ижро этувчи ҳокимият органлари назорати ва таъсиридан чиқарилди, мустақил ҳокимият сифатида шакллантирилди. Бунинг учун тизимнинг конституциявий ва процессуал кафолатлари таъминланди. Конституциямизнинг 106-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади”.

Умуман, тизимдаги ислоҳотларнинг биринчи босқичидаги энг муҳим ўзгаришлардан бири шуки, суд жараёнида айблов ва ҳимоя тенглигини таъминлашнинг таъсирчан ҳуқуқий механизмлари яратилди. Апелляция тартибида иш юритиш жорий этилди.

2001-2010 йилларда ўтказилган ислоҳотларни шартли равишда иккинчи босқич сифатида баҳолаш мумкин. Бу даврда қонунчилик амалиётига биринчи марта жиноят ишларини судда кўришда ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этиш институти киритилди.

Президентимизнинг тегишли фармонига асосан, 2008 йил 1 январдан мамлакатимизда бундай жазо жиноий жазо тури сифатида буткул бекор қилингани бугун кўпчиликнинг ёдидан ўчмаган бўлиши турган гап. Чунки, бунгача жиноят кодексида билиб-билмай ҳаёт сўқмоқларида адашган инсон умрига чек қўйиш билан боғлиқ жазо тури белгиланган эди. Тўғри, ислоҳотларнинг дастлабки босқичида 13 та моддада белгиланган ўлим жазо тури 5 та моддадан олиб ташланган эди. 2008 йилдан унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилди.

Айни шу жараёнда мол-мулкни мусодара қилиш жазоси ҳам бекор қилинганди. Шунингдек, «Хабеас корпус» институти жорий этилиб, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди. Ҳимоячининг ҳуқуқий мақоми такомиллаштирилиб, адвокатнинг ишда иштирок этиш тартиби енгиллаштирилди ва унинг ваколат доираси кенгайтирилиб, далиллар тўплаш ҳуқуқига эга бўлди.

Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг кейинги босқичида судлар жиноят ишини қўзғатиш ҳуқуқига эга субъектлар доирасидан чиқарилди. «Хабеас корпус» институти кенгайтирилиб, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш судлар ваколатига ўтказилди.

Аслида кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Мисол учун, мустақил орган – Судьялар олий кенгаши ташкил этилиб, судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизими жорий этилди. Судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий этилиши ҳам суд ҳокимиятининг ва судьяларнинг нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.

Қолаверса, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, «Бир суд – бир инстанция» тамойили бўйича суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, амалга оширилган қатор ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар ҳақида яна узоқ гапириш мумкин. Хулоса шуки, ислоҳотларнинг барчаси судларни чинакам адолат қўрғонига айлантиришга қаратилган.

Зафар Аллабоев,

вилоят фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси.

Фахриддин Қаршиев,

вилоят фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси.