ЖЧ-2026, Саралаш: Футболчиларимиз Шимолий Корея терма жамоасига қарши майдонга тушади
Бугун футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё қитъасида Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг 6-тури доирасида КХДР термасига қарши сафарда ўйнайди.
Миллий терма жамоамиз бу беллашувда тўлиқ кўк, дарвозабонимиз эса яшил либосда ҳаракат қилади. КХДР футболчилари эса анъанавий қизил формада майдонга тушади.
Мазкур учрашувдан аввал ҳар иккала терма жамоага оид статистикага эътибор қаратсак: Футболчиларимиз КХДР термаси билан жами 12 маротаба ўзаро тўқнаш келган. Ушбу ўйинларнинг 6 таси ўртоқлик, 5 таси жаҳон чемпионати саралаши ва биттаси Осиё кубоги доирасида ўтказилган. Унда вакилларимиз 7 маротаба ғалаба қозонган бўлса, 3 марта дуранг қайд этилган ва 1 маротаба мағлуб бўлган.
1998 йил ўтган Ўзбекистон ва КХДР учрашувида 4:0 ҳисоби қайд этилган бўлса, сўнгги баҳс жорий йилнинг 5 сентярбь куни Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг биринчи даврасида ўтказилган ва унда футболчиларимиз Тошкентда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
Ушбу саралашда терма жамоамиз “А” гуруҳида 10 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Эрон эса 13 очко жамғарган ҳолда яққол пешқадамга айланган. БАА ҳамда Қатар термалари ҳисобидаги очколар 7 тага етди ва улар 3-4-ўринларга жойлашди. Қирғизистон 3, КХДР 2 очко билан кейинги поғонадан ўрин эгаллади.
Бугун бу гуруҳда Қирғизистон – Эрон, БАА – Қатар терма жамоалари баҳсига гувоҳ бўламиз.
Маълумот учун: КХДР - Ўзбекистон ўйини Тошкент вақти билан соат 17:00 да бошланади. Учрашувга Лаос пойтахти Вьентьян шаҳридаги “Лао” стадиони мезбонлик қилади.
Баҳсни қувайтлик ҳакамлар бригадаси бошқаради - Али Аҳмад бош ҳакам сифатида ишласа, унга қанотларда Аланези Абдулҳади ва Аббос Аҳмад ёрдам беради. Тўртинчи расмий ҳакам — Аммар Ашканани, VAR'да эса Абуллоҳ Жамали фаолият кўрсатади.