Жиноий қилмиши учун озодликдан чеклаш жазосини ўтаётган 5 нафар фуқаро иши сайёр судда ижобий ҳал бўлди
Фуқаронинг муаммоли масаласи жойида ҳал этилишиодамларда қонунчиликка, судларга ҳурмат ҳиссини кучайтиришда яхши амалиётдир. Шундан келиб чиқиб, Самарқанд вилоят суди раиси Олим Ҳайитов Пайариқ туманида фуқаролар билан учрашув, давра суҳбати ва сайёр қабул ўтказди.
Тадбирда вилоят суди раисининг ўринбосарлари Толиб Бойзоқов, Зафар Аллабоев ҳамда Пайариқ тумани судлари судьялари ҳам иштирок этди.
Қабул жараёнида жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар юзасидан фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилди.
Дастлаб, йиғилганлар билан учрашув ўтказилди. Учрашувда О.Ҳайитов йиғилганларга бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, қонунчиликдаги янгиликлар, давлатимизнинг бу соҳадаги одилона сиёсати ҳақида тушунча берди.
Шундан сўнг сайёр қабул ташкил этилди. Қабулда 30 га яқин мурожаатлар бўлди. Шундан қонунга мувофиқ келадиганлари ижобий ҳал қилинди ва қолганларига ҳуқуқий тушунтириш берилди.
"Томойрот" маҳалласида яшовчи фуқаролар Россияда қамалиб қолган фарзандларининг жазосини Ўзбекистонда ўташига ёрдам сўрашди. Жиянбек қишлоғилик У.Маматқулова Россияда қамоқдан чиқиб қариндоши паспорти йўқлиги учун Ўзбекистонга келолмаётганини билдириб, Ўзбекистонга келишига ёрдам беришни сўради. Уларга тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Ражаб Шерназаров ва Абдунави Файзиев исми-шарифи икки хил бўлиб қолганлиги учун жуда кўп ноқулайликларга дуч келаётганини, шу масалага аниқлик киритиб беришни сўради. Уларга бу масалани фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ тумани суди ҳал этиши тушунтирилди. Шу ернинг ўзида мурожаатчилар ФИБ туман суд раиси Шуҳрат Турдиалиевга таништирилиб, хужжатларни қабул қилиб қонуний қарор қабул қилиш топширилди.
Мирзоҳид Хўжанов туман ҳокимининг қарори билан ер олганлигини, солиқларини тўлаб келаётганлигини, бироқ ҳалигача ер берилмаганлиги ҳақида мурожаат қилди. Фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туман суди раисига тегишли ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қонуний хулосага келиш тушунтирилди.
Баҳор МФЙда яшовчи Шавкат Исақулов судланганликни ҳолатини олиб ташлаш ҳақида мурожаат қилди. Унга тартиб-қоида тушунтирилди. Шу жойнинг ўзида аризаси қабул қилиниб, ЖИБ Пайариқ тумани судига мазмунан ҳал қилиш учун топширилди.
Шунингдек, кредит, ер, никоҳ, уй-жой, фермерлик, нафақа ва бошқа турли масалаларда мурожаатлар бўлди.
Шунингдек, содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан озодликдан чеклаш жазосини ўтаётган 5 нафар фуқаро сайёр қабулда қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини, бундан буён соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришини билдириб жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўради.
Шу ерда жиноят ишлари бўйича сайёр суд ташкил этилди. Сайёр судда ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилиб, мурожаатлар ижобий ҳал этилди.
Вилоят суди Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.