Жиноят процессида шахснинг ҳимоя ҳуқуқи кенгайтирилади

Амалдаги жиноят-процессуал қонунчилигида ҳам “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунда ҳам тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар томонидан муайян жиноят иши юзасидан қандай просессуал ҳаракатларни амалга ошириш мумкинлиги тўғрисида ҳеч қандай тартиб белгиланмаган. Ушбу фаолият суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг топшириғи билан, шунингдек “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунга кўра амалга ошириб келинмоқда.

Бундан ташқари, қонунчиликда тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олиш жараёнида ҳимоячининг иштироки тўғрисида норма йўқ.

Президентимизнинг жорий йил 10 августда қабул қилинган “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Жиноят процессуал кодексининг 226-моддасига мувофиқ, жиноят содир этишда гумон қилинувчини ушлаб туриш муддати у ушланган вақтдан эмас балки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга олиб келинган вақтдан ҳисобланаётганлиги боис жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсни ушлаб туриш муддатини у ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисоблашни кўзда тутувчи норма киритиш белгиланди.

Бундан ташқари, процессуал қонунчиликда ушлаб турилган шахсга ҳимоячи билан биринчи холи учрашувга биринчи сўроққача рухсат берилиши белгиланган. Бироқ мазкур норма ушланган шахсга нисбатан процессуал ҳаракатларни амалга оширишдан олдин ҳимоячи билан холи учрашиши шартлигини кўрсатмайди.

Шу сабабли фармонда шахс амалда ушланган ёки уни жиноят устида ушлаш билан боғлиқ тезкор тадбир амалда якунланган ёхуд гумон қилинувчи, деб эътироф этилганлиги ҳақидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб у билан боғлиқ процессуал ҳаракатларни ўтказишдан олдин адвокат билан холи учрашиши таъминланиши шартлигини белгилаш кўзда тутилган.

Фармон билан яна бир шундай тартибни ўрнатиш назарда тутиляптики, бунда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, процессуал ҳаракатларнинг сифатини ошириш, жиноят процессида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш, уларга баҳо бериш тизимини илғор хорижий тажрибада кенг қўлланиладиган исботлаш стандартлари инобатга олинганлигини кўриш мумкин.

Хусусан, жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида гувоҳ ва жабрланувчини оғир касаллиги ёки узоқ муддатга чет давлатга чиқиб кетиш зарурати туфайли кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, уларнинг кўрсатувларини гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, прокурор ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра суд томонидан тарафларнинг иштирокида олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тартибини жорий қилиш назарда тутилган.

Жиноят процессуал кодексининг 51-моддасида ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолатлар белгиланган бўлса, 243-моддасида қамоққа олиш ёки уй қамоғини қўллаш жараёнида ҳимоячининг иштироки тавсиявий характерга эга эканлигини кўриш мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг фармони билан ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолатлар кўпайиб, ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлигини белгилаш кўзда тутилган.

Учқун САМАНДАРОВ,

жиноят ишлари бўйича Навоий

вилояти суди катта мутахассиси.