Жиноят юзага келишига сабабчи бўлганлар ҳам жазоланди

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги, ўн олтинчи сессияси ўтказилди.

Кенгаш раиси Ш.Негматов бошқарган сессияда дастлаб Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шербек Бўронов, вилоят ҳокими ўринбосарлари Наврўзжон Раҳмонов, Ботир Жабборов ва Хуршидбек Самиевларни ушбу лавозимларга тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарорлари тасдиқланди.

Шундан сўнг вилоятда криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятларнинг барвақт олдини олиш, омилларни бартараф этиш юзасидан кўрилган чоралар бўйича вилоят прокурори Муродқосим Эшназаровнинг ахбороти тингланди.

Таъкидланишича, давлатимиз раҳбарининг шу йил 3 январдаги “Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг эрта олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича янги механизм жорий этилди. Барча туман ва маҳаллаларнинг чораклик манзилли чора-тадбирлар йўл харитаси ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди. Йўл хариталари ижроси юзасидан профилактик тадбирлар ўтказилиб, маҳаллаларда 10721 та камера, 1504 та домофон ўрнатилди. 1950 та “намунавий хавфсиз йўлак”, 794 та “намунавий хавфсиз кўча” ташкил этилди, 11563 та объект техник қўриқловга олиниб, 291 та ташвиш тугмаси ўрнатилди. Ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган 32 минг нафарга яқин шахснинг маиший-ижтимоий муаммолари ҳал этилди. Натижада, 976 та ўғрилик, безорилик ва бошқа жиноятларнинг ҳамда 1344 нафар шахснинг жиноят қурбони бўлиши олди олинди. “Қизил” тоифадаги маҳаллалар сони 109 та (10 фоиз)ни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада камайишига эришилди.

– Ҳамкорликдаги ишларимиз натижасида вилоятда босқинчилик, номусга тегиш, автотранспорт воситасини олиб қочиш, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси каби аҳоли кайфияти ва криминоген вазиятга бевосита таъсир кўрсатувчи жиноятлар камайди, – деди М.Эшназаров. –  Аммо айрим масъуллар томонидан ижтимоий профилактика тадбирлари лозим даражада бажарилмаганлиги оқибатида айрим турдаги жиноятлар кўпайди. Жумладан, қотиллик ва тан жароҳати етказиш жиноятларининг салмоқли қисми оила-турмуш муносабатлари доирасида юзага келган келишмовчиликлар замирида содир этилганлиги маълум бўлди. Оилавий зўравонлик ва тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятларнинг 86 фоизи (103 та) ҳамда қотилликларнинг 82 фоизи (9 та) айнан оилавий келишмовчиликлар туфайли содир қилинган. Вилоятдаги криминоген вазиятга масъулият билан ёндашмаганлиги учун 90 нафар мутасадди интизомий жавобгарликка тортилиб, 4 та жиноят иши қўзғатилди.

Вилоят прокурори жорий йилнинг 6 ойда ҳисобга олинган 5112 та жиноятнинг 2011 таси ахборот  технологиялари соҳасида содир қилингани ва уларнинг 1769 таси ижтимоий тармоқлар орқали, виртуал муҳитда юзага келганини қайд этиб, бундай жиноятларнинг олдини олиш учун аҳолининг ҳуқуқий маданияти оширишда депутатлар ва кенг жамоатчилик фаол бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Сессияда “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги  қонунга кўра, Кадастр агентлигининг “Эътироф” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали келиб тушган ҳужжатлар асосида 250 нафар фуқаронинг мулк ҳуқуқи қонуний тартибда эътироф этилди.

Мазкур масала муҳокамаси чоғида қонун ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди. Хатловдан ўтказилиб, тасдиқлаш учун тақдим этилган сўровларга ваколатли идоралар томонидан ўз вақтида жавоб берилмаётгани айтилди. Бу борада Кенгаш томонидан ҳокимлик ва тегишли идораларга йўлланган мурожаат натижаси келгуси сессияларида кўриб чиқилиши билдирилди.

Шунингдек, сессияда юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш), “Зарбдор тажрибаси” асосида ҳудудлар иқтисодий ўсишига туртки берувчи 2-босқич драйвер лойиҳалари инфратузилмасини молиялаштириш, туманлардаги айрим маҳалла фуқаролар йиғинларининг бош режаларини ва унга туташ маҳаллаларни шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш схемаларини тасдиқлаш, жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилишига рухсат бериш тўғрисидаги масалалар муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.