Жомбойда 23 минг долларга ер сотмоқчи бўлган кимса ушланди
Самарқанд вилоят ИИБ бошлиғи номига Самарқанд тумани Қайнама маҳалласида яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилган.
Унда Жомбой тумани Қораки қишлоғида яшовчи Б.Н. Қорамўйин маҳалласидаги туман ҳокимлиги захирасида бўлган 0,25 гектар бўш ер майдонини 23 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, туман кадастр хизматида ишловчи Ж. исмли шахс орқали ушбу ер майдонини туман кадастр бўлимидаги компьютер базасига унга тегишли эканлиги тўғрисида маълумот киритиб бериши учун, ариза муаллифидан 1000 АҚШ доллари ва жами 24 минг АҚШ доллари миқдорида пулларни талаб қилиб келаётганлигини маълум қилган.
Мазкур аризага асосан кеча, 7 январь куни Самарқанд вилояти ИИБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда давлат хавфсизлиги хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Жомбой туманида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Б.Н. ва Кадастр агентлиги давлат кадастрлар палатаси Жомбой тумани филиалида ишловчи Ў.Ж. ариза муаллифидан 24.000 АҚШ доллари олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Вилоят ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.