Ер савдоси: қўлга тушмаганларнинг оши «ҳалол»ми?

Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда ерни ноқонуний сотишга уриниш билан боғлиқ ҳолатлар ҳақидаги хабарлар кўп тарқалмоқда. «50 сотих ерни 97 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган шахс ушланди», «Ҳокимият захирасидаги ерни сотмоқчи бўлишди»...

Шундай тасаввур ҳосил бўладики, агар қонунбузарлар қўлга тушмаганида, бу ишни осонгина амалга ошириши мумкин эди. Аслида ҳам шундайми? Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Фозил Худойқуловга шу ва бошқа долзарб саволлар билан мурожаат қилдик.

– Маълумотларга кўра, 2023 йил вилоятда уй-жой ва ер олди-сотдиси билан боғлиқ 12 та қонунбузарлик қайд этилган. Бу ҳозирча аниқланганлари. Агар қонунбузарлар жиноят устида фош этилмаса, ёпиғли қозон ёпиғлиғича қолаверадими?

– Афсуски, ер сотиш билан боғлиқ қонунбузарликлар ҳамон учраб турибди. Ваҳоланки, Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги 6243-сонли фармони билан жараён тўлиқ ислоҳ қилиниб, ер бериш, сотишга оид аниқ тартиб ва қоидалар ишлаб чиқилган.

Унга кўра, бугун ер участкалари хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар эса очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида тақдим этилади. Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинган.

Фуқаролар ёдида тутиши керак, республикамизда ер олиш фақат қонуний асосда, онлайн аукцион орқали амалга оширилади. Бошқача шаклда ер «сотиб» олинса, у қонуний ҳисобланмайди ҳамда эртами-кечми «чўмич»га чиқади.

– Ер билан боғлиқ қонунбузарликларни аниқлаш, олдини олишда Кадастр агентлиги тизимидаги ташкилотларнинг ўрни қандай?

– Кадастр агентлигининг асосий вазифаларидан бири ер ва кадастр назорати ишларини амалга ошириш ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлашдир. Шу боис тизимдаги бошқарма ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан юқорида тилга олинган фармон ижросини таъминлаш, хусусан, ер билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш, ер назоратини самарали ташкил этиш бўйича тизимли ўрганиш ишлари олиб борилади.

2023 йилнинг 11 ойида вилоятда  ўтказилган назорат тадбирларида 1970 та қонунбузарлик ҳолати аниқланган. Бунда жами 448,7 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган.

Бугунгача 856 ҳолатдаги 210,6 гектар ерни ноқонуний эгаллаш бартараф этилиб, ер майдонлари асл ҳолига қайтарилди. 864 та иш суд тартибида кўриб чиқилиши учун даъво аризалари киритилди. 195 ҳолатда эса ерни эгаллаб олиш билан боғлиқ жиноят аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли йиғилган ҳужжатлар ҳудудий прокуратура органларига тақдим қилинди. Бундан ташқари, шу даврда 2000 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

– 448 гектар ер кичик ҳудуд эмас. Айтингчи, ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олганларга қандай жазо чоралари белгиланган?

– Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддасида ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари, мансабдор шахсларга эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади, деб кўрсатилган.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш эса фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик баравари, мансабдор шахсларга уч юз баравари миқдорда жарима солинишига олиб келади.

Кодекснинг 68-моддасига кўра, тасдиқланган ер тузиш лойиҳа ҳужжатларидан тегишли рухсат бўлмай туриб четга чиқиш, худди шунингдек, тегишли органлар билан келишмай туриб объектларни жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва уларни фойдаланишга топшириш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш, ерлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни бузиб кўрсатиш, ахборотларни беришдан бўйин товлаш ёки нотўғри ахборот бериш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Айтиш жоизки, баъзи фуқаролар ерга бино қуриб олсам, давлат ҳужжатлаштириб бераверади, деган нотўғри тушунча билан шу ишга қўл урмоқда. Бугун кадастр соҳаси энг сўнгги технологиялар асосида иш олиб боради. Яъни, зарур бўлса, ер участкасининг бир неча йиллик ҳолатини космик суратлар асосида текшириш имконияти ҳам мавжуд. Шу боис бундай шахслар ўзига жабр қилгани қолади.

– Фуқаро ер билан боғлиқ қонунбузилишига дуч келди дейлик. У кимга ва қандай мурожаат қилиши мумкин?

– Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ёки улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Кадастр агентлигининг 1097 қисқа рақамли «Ишонч» телефони ишга туширилган. Шунингдек, фуқаролар агентликнинг e_yernazorat_bot телеграмм боти орқали ёки  Kadastr.uz сайти орқали ҳам мурожаат қилиб, тегишли фото ва видео маълумотларни юбориши мумкин.

Вилоятимизда Кадастр агентлигининг вилоят бошқармаси «Ишонч» телефонлари (+998 78-210-01-33, +998 78-210-01-34) ҳам доимо ишчи ҳолатда. Уларга нафақат фуқаро ва юридик шахслар, балки соҳа ходимлари томонидан йўл қўйилган қонунбузарлик ёки коррупцион ҳаракатлар юзасидан ҳам мурожаат қилиш мумкин.

– Коррупция ҳақида гапирганда, кейинги пайтлар давлат тасарруфидаги ер майдонларини пуллаш ҳолатлари фош этилмоқда. Бунда кадастр соҳаси ходимларининг ҳам қўли борлиги таъкидланяпти...

– Қанчалик ачинарли бўлмасин, ҳақиқатни тан олишимиз керак. Ноқонуний ер сотиш ҳолатларига кадастр соҳаси ходимлари ҳам иштирокчи бўлиб қолмоқда. 2023 йилнинг ўзида бошқарманинг қуйи тизимида фаолият кўрсатаётган 4 нафар ходим айни қилмиши учун жиноий жавобгарликка тортилди.

Бунинг олдини олиш учун профилактик тадбирларга зўр берганмиз. Шунингдек, коррупцион ҳолатларга йўл қўйган ходимларни аниқлаш ва уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши таъминланяпти. Жумладан, ўтган йили 650 нафардан ортиқ ходимга профилактик тушунтириш берилиб, хизмат вазифасини суиистеъмол қилган 8 нафари огоҳлантирилди.

Интизомга риоя этмаётган, вазифасини виждонан бажармаётган ходимлар фуқароларда тизимдан норозилик кайфиятини уйғотади. Шу боис бошқарма ҳамда унинг туман, шаҳар бўлимларида тизимли мониторинг тадбирлари ўтказилиб, ходимларнинг малакаси ошириб борилмоқда.

Асқар Баротов суҳбатлашди.